Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марҳум сиёсатчининг тилла тиши тантанали тарзда дафн этилди

Марҳум сиёсатчининг тилла тиши тантанали тарзда дафн этилди

Дафн маросими мустамлакачиликка қарши намойишга айланиб кетди.

Фото: Reuters

Африка қитъаси марказида жойлашган Конго давлатида ноанъанавий дафн маросими ўтказилди: мамлакат мустақиллиги йўлида жонбозлик кўрсатган давлат арбоби Патрис Лумумбанинг тилла тиши ҳурмат билан тупроққа қўйилди.

Гап шундаки, 1960-йилларда мустақил Конго давлатига раҳбарлик қилган Лумумба мустамлакачилар томонидан қатл этилган, жасади эса кислотада эритиб юборилган эди. Унинг бир дона тилла тиши тасодиф туфайли сақланиб қолган.

Пойтахт Киншасада миллий қаҳрамонга ҳурмат бажо келтириш ва уни рамзий маънода сўнгги йўлга кузатиш учун кўп сонли аҳоли йиғилди. Маросимда Конго президенти ва юқори мартабали мулозимлари ҳам иштирок этди.

Патрис Лумумба (1925-1961) нафақат Конго, балки бутун Африкада мустақиллик учун кураш тимсолига айланган. Бельгиянинг мустамлака сиёсатига тиш-тирноғи билан қарши бўлган сиёсатчи 1960 йили 34 ёшида Конгонинг биринчи бош вазири сифатида иш бошлаган. Аммо бир неча ой ўтиб давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятдан четлатилган. 1961 йилда Катанга музофотида қатл этилган. Лумумбанинг жасади аввал махфий равишда дафн этилган, кейинроқ Бельгия полициячилари томонидан бўлакларга бўлиниб, кислотада куйдириб ташланган.

Сиёсатчининг сирли ўлими тафсилотлари узоқ йиллар жамоатчиликка номаълум бўлиб келди. Лумумбанинг оиласи Брюссель ҳукуматига мурожаат йўллагач, орадан 41 йил ўтиб Бельгия парламенти комиссияси қатл тафсилотларини очиқлади. Маълум бўлишича, Лумумба Бельгия офицерлари буйруғи билан Катанга аскарлари томонидан ўлдирилган. Комиссия хулосасига кўра, конголик арбобнинг қатл этилишидан Бельгия қироли Бодуэн хабардор бўлган. Брюссель ҳукумати Лумумбага қарши гуруҳларга молиявий, ҳарбий кўмак ҳам кўрсатган.

Патрис Лумумба бутун Африкада мустақиллик кураши рамзига айлаган.
Фото: Getty Images

Сиёсатчининг тилла тиши Бельгия полициясининг ўша вақтдаги комиссари Жерар Соэте томонидан ўлжа сифатида сақлаб қўйилган. Орадан йиллар ўтиб, собиқ комиссар Конго бош вазирининг жасадини йўқ қилиш операцияси ҳақида сўзлаб берар экан, тилла тишдан ҳам гап очган. Шу тариқа Конго маъмурияти талаби билан Бельгия марҳумнинг тишини қайтаришга розилик берган.

Ҳудуди бўйича Африкада иккинчи йирик мамлакат саналган Конгода 1908-1960 йилларда Бельгия мустамлакачилари ҳукм юритган. Мамлакат 1960 йилда мустақиллик эълон қилганидан кейин ҳам Бельгия у ерда ўз таъсирини сақлаб қолишга уринган. Кучли нотиқ ва ашаддий танқидчи бўлган Лумумба эса мустамлакачиларнинг бу борадаги уринишларга тўсқинлик қилган. Шу тариқа бўйсунмас сиёсатчи жисмонан маҳв этилган. Дарвоқе, орадан ярим аср ўтиб, 2002 йили Бельгия ҳукумати марҳум бош вазирнинг яқинларидан қатл учун расман узр сўраган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг