Марҳум фиръавндан паспорт талаб қилишган, тирик қиролича эса бунга эҳтиёж сезмайди
Бугунги кунда паспорт муҳим ҳужжат сифатида ҳаётимиздан алоҳида ўрин эгаллаган. Паспорт ва унинг тарихи билан боғлиқ қизиқарли воқеалар ҳам талайгина. Тарихшунослар биринчи паспорт Инжилда қайд этилганини айтишади. Унга кўра, Форс шоҳи Артаксеркс I мулозимларидан бирига Иуда ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиши учун расмий хат тақдим этган. Айнан ўша расмий хат биринчи паспорт вазифасини ўтаган эди.
Шунингдек, паспортлардаги илк фотосуратлар Биринчи жаҳон урушидан сўнг пайдо бўлгани таъкидланади. Бунга асосий сабаблардан бири, Германия манфаатига хизмат қилаётган жосус шахс Америка сохта паспорти билан Буюк Британия ҳудудига кирган. Шундан кейингина, яъни Биринчи жаҳон уруши бошланиб фотосуратлар паспорт учун асосий талаблардан бирига айланди. Ўша вақтларда ҳаттоки паспорт учун оилавий суратлар ҳам қабул қилинаверган.
Маълумки, паспорт — қайсидир маънода тириклигингизни тасдиқловчи ҳужжат. Аммо ҳаётда шундай ҳолатлар бўлиши мумкинки, марҳумлар ҳам паспортга муҳтожлик сезиб қолиши ҳеч гап эмас. Ўтган асрнинг 70-йилларида ана шундай қизиқ воқеа юз берган. Содир бўлганда ҳам оддий ёки яқин ўтмишдаги одам билан эмас, балки нақ бундан бир неча минг йиллар муқаддам фиръавн сифатида Мисрни идора этган Рамзес II билан рўй берган.
1974 йил Мисрдаги бир гуруҳ олимлар фиръавн Рамзес II нинг мумиёланган жасади жуда тез чириб кетаётганлигини пайқаб қолишди. Натижада мумиёланган жасадни зудлик билан самолётда Францияга экспертиза учун олиб боришга қарор қилинган. Лекин, бахтга қарши, Франция қонунчилигига кўра, ҳар қандай тирик ёки ўлик шахс давлат чегарасини фақатгина паспорт билан кесиб ўтиши мумкин эди. Шу сабабли, марҳум фиръавнга замонавий Миср паспорти берилишига тўғри келган. Унинг ичидаги «шуғулланадиган иши» ҳақидаги маълумотга «Қирол» (вафот этган)» деб ёзилган ҳамда туғилган вақти миллодан аввалги 1303 йил эканлиги, паспортнинг амал қилиш муддати 1974 йилнинг 9 мартидан 1981 йилнинг 9 мартига қадар этиб белгилаб қўйилган.
Эътиборлиси, Парижда фиръавн жасадини қиролларга хос ҳарбий ҳурмат билан кутиб олишган.
Қўшимча маълумот сифатида келтириш мумкинки, ҳозирги кунда ҳеч қандай паспортга эга бўлмаган давлат етакчилари ҳам бор. Қайд этилишича, Буюк Британия қироличаси Елизавета II қаерга бормасин, ўзи билан паспорт олиб юриш муаммосидан фориғ бўлган. Унинг ўзи қолган фуқароларга паспорт берадиган шахсдир, шу туфайли у шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эҳтиёж сезмайди.
Нурилло Тўхтасинов тайёрлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter