Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маҳмуд Аббос Фаластиннинг ғалаба қозониши шартини айтди

Маҳмуд Аббос Фаластиннинг ғалаба қозониши шартини айтди

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос 15 август куни Туркия Буюк Миллат мажлисида қилган маърузасида Исроилнинг босқинчилик сиёсатини кескин қоралади. 

«Фаластин халқи ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда собитдир. Биз ўз ерларимизни асло тарк этмаймиз. Фаластин халқи босқинчиларни қувиб чиқаради. Босқинчилар мағлубиятга учраши муқаррар. Фаластин албатта озод бўлади!» – деди Маҳмуд Аббос.

Нотиқ Фаластиндаги барча сиёсий партиялар ҳамда ҳаракатлар бирлашуви лозимлигини таъкидлади. Унга кўра, Фаластин ғалабасининг асосий шарти миллий бирликдир.

Айни пайтда Фаластин ерлари – Ғарбий Соҳил, Ғазо сектори ҳамда Шарқий Қуддус Исроил оккупацияси остида экани маълум. Тель-Авив халқаро келишув ҳамда БМТ резолюцияларига қарши бориб, Фаластин давлати таъсис этилишига тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда. Хусусан, жорий йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Кнессет қарорига БМТ ҳамда Европа Иттифоқи кескин эътироз билдирди.

Маҳмуд Аббос ўз нутқида Исроилнинг Фаластин давлати тузилишига қарши ҳаракатларига маълум маънода жавоб қайтарди.

«Биз пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлатини ҳар қанча товон тўлаб бўлса-да албатта тузамиз. Қанча оғир товон тўлашимиздан қатъи назар, буни амалга оширмай қўймаймиз. Баралла айтамизки, Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус мустақил Фаластин давлати таркибига кирувчи ажралмас жуғрофий яхлитликдир», – деб таъкидлади у.

М.Аббос фаластинликларни ўлдираётганлар жазосиз қолмаслиги, ҳар қанча оғир бўлмасин Фаластин ерлари бошқа бировга берилмаслигини урғулади.

«Биз Фаластиннинг бир қарич ҳам ерини бировга бериб қўймаймиз. Фаластинга тегишли биргина тошни қурбон қилмоқчи бўлганлар биздан эмас», – деди сиёсатчи.

М.Аббос ўз чиқишида Фаластинни фаол қўллаб-қувватлаб келаётган Туркия президенти ва халқига миннатдорлик билдирди.

Фаластин раҳбарининг Туркия Буюк Миллат мажлисидаги 46 дақиқалик нутқи давомида депутатлар уни олқишлар ва қарсаклар билан қўллаб-қувватлаб турди.

1 октябрга қадар таътилда бўлган Туркия парламенти аъзолари Фаластин президентининг нутқи муносабати билан навбатдан ташқари мажлисга йиғилди.

Эслатиб ўтамиз, 24 июль куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ Конгрессида маъруза қилиб, Ғазо секторидаги қатлиомларни оқлашга уринган эди. Кўп сонли АҚШ қонунчилари Исроил бош вазирини очиқ дастаклаган бўлса, яна бошқа гуруҳ сиёсатчилар унинг чиқишини бойкот қилган.

Таҳлилчиларга кўра, Аббоснинг Туркия парламентида нутқ сўзлаши Нетаняҳунинг АҚШ Конгрессидаги чиқишига ўзига хос жавоб саналади.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 40 мингдан зиёд фаластинлик (ҳудуд аҳолисининг 1,8 фоизи) ҳалок бўлди. Уларнинг камида 16 минг нафари болалардир.

«The Lancet» журнали маълумотларига қараганда эса, сўнгги 9 ой давомида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 186 минг кишидан ортади.

Халқаро ҳамжамият Ғазо секторида урушни тўхтатиш ва томонларни ўзаро сулҳ тузишга чақирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг