Маҳбуслар қийноққа тутилган, оиласи билан кўришишга ҳам имкон йўқ – халқаро ташкилот
Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга нисбатан қийноқ, жисмоний ва жинсий зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани юзасидан хавотир билдирди.
Ташкилотнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори ўринбосари Сара Хашашга кўра, Негев чўлидаги Сде-Тейман тутқунгоҳида фаластинлик маҳбусларга ноинсоний муносабат ва қийноқ қўллангани далиллар билан исботланган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходимлари 2 ҳафтадан 140 кунга қадар Исроил қамоқхоналарида ўтирган 27 нафар собиқ маҳбус (20 эркак, 6 аёл ва 1 бола) билан суҳбатлашиб, уларнинг барчаси ҳарбийлар, полициячилар ва махсус хизмат ходимлари томонидан қийноққа, ноинсоний муносабатга тутилгани, ҳуқуқлари поймол этилганини аниқлаган. Уларга адвокат хизматидан фойдаланиш ва оила аъзолари билан мулоқотга ҳам тўсқинлик қилинган.
Amnesty International ўрганишларида Сде-Тейман тергов изоляторида фаластинлик маҳбуслар оммавий зўрлаш қурбони бўлгани ҳам юзага чиққан. Ташкилот Исроил расмийларидан мустақил кузатувчиларнинг қамоқхоналарга эркин киришини таъминлаш ва холис текширув ўтказишни талаб қилган.
Жанговар ҳаракатлар шароитида жисмоний ва жинсий зўравонликлар ҳарбий жиноят саналишини таъкидлаган ташкилот Халқаро жиноий маҳкама прокурорини инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатларини тафтиш этишга чақирган.
Исроил жанубидаги Сде-Тейман тутқунгоҳида ақл бовар қилмас қийноқлар қўлланиши кўпдан буён хавотирларга сабаб бўлиб келади.
Ўтган ҳафта «The New York Times» газетаси Сде-Тейман қамоқхонасидаги фаластинлик маҳбуслар кўзи боғланган ва қўли кишанланган ҳолатда кунига 18 соатлаб ўтиришга мажбурланиши ҳақида ёзди.
«Al Jazeera» маълумотига кўра, Исроил қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд фаластинлик сақланмоқда.
Фаластин маъмурияти 3000 дан зиёд маҳбус «маъмурий қўлга олиш» амалиёти доирасида асоссиз ҳибсга олингани, уларга на айблов эълон қилингани, на суд ташкил этилганини қоралаган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил хавфсизлик важидан фаластинликларни айблов эълон қилмаган ҳолда қамоқда сақлаб келишини танқид қилади. Бу амалиёт, айниқса, 2023 йил 7 октябрдан кейин кучайган.
BBC мухбирига кўра, Ғарбий соҳилдаги деярли ҳар бир оила вакиллари Исроил қамоқхоналарида ўтириб чиққан. Маҳбуслар Исроил ички ҳудудларида сақлангани сабаб яқинлари улар ҳолидан умуман хабар ололмайди.
БМТ ҳисоботида қайд этилишича, Исроил 1967 йилдан буён 800 мингдан зиёд фаластинликни асоссиз равишда ёки арзимас шубҳа-гумон билан ҳибсга олган.
«Исроил ҳарбий оккупацион маъмурияти Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларини очиқ осмон остидаги қамоқхонага айлантирган», – дейди БМТнинг махсус маърузачиси Франческа Альбанезе.
Қамоққа олинган фаластинликлар орасида болалар ҳам кўплиги хавотир уйғотиб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter