«Кўча»га алоқадор 180 дан зиёд давлат мулозими ишдан бўшатилди
Қирғизистонда 180 дан зиёд давлат идоралари ходимлари «қонундаги ўғри» Қамчибек Асанбек ва мафия гуруҳи етакчиси Райимбек Матраимовга алоқадорлиги важидан ишдан бўшатилди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) кўра, тезкор тадбирлар жараёнида турли мақомдаги 226 нафар давлат хизматчиси жиноят ва мафия олами билан яширин ришталарга эга экани аниқланган, улардан 180 дан зиёди ишдан четлатилган.
Божхона тизимида 85 нафар, ички ишлар вазирлиги тизимида 26 нафар ходим жиноий тўдаларга алоқадорлиги аниқланган. Вазирликлар, маҳаллий кенгашларда ҳам шундай ҳолатлар қайд этилган.
Мамлакат махсус хизматлари давлат идораларини номуносиб кадрлардан тозалаш ишлари давом эттирилаётганини билдирган.
Кейинги икки ой ичида Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар ва «кўча»га қарши кескин кураш кузатилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, 4 октябрь куни ҳуқуқ идоралари Бишкекда ўтказган амалиёт чоғи МДҲ минтақасида ҳам отнинг қашқасидек таниқли бўлган жиноий авторитет Қамчибек Асанбек (Қамчибек Колбаев) ўлдирилган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, «қонундаги ўғри» қаршилик кўрсатгани сабабли отиб ташланган.
Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев мамлакатдаги уюшган жиноий гуруҳ вакилларини кескин огоҳлантирган.
«Эндиликда мамлакатимизда «қонундаги ўғри»лар, уюшган жиноий гуруҳ ва тўда раҳбарларига ўрин йўқ!» – деб баёнот берган у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter