Кличко полициячига қўл кўтарган Киев вице-мэрини ишдан бўшатди
Киев мэри Виталий Кличко ўзининг ўринбосари ҳисобланмиш Владимир Слончакни ишдан бўшатди. Полициячини ургани учун унга қарши жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда «РБК-Украина» хабар берди.
«Ўйлайманки, сизлар янгиликлар орқали кеча кечқурун нима содир бўлганини кўрган бўлсангиз керак. Мен шаҳар ҳокимиятининг, биринчи навбатда, унинг вакиллари томонидан обрўсизлантирилишига йўл қўймайман», — деди Киев ҳокими.
Унинг сўзларига кўра, амалдор ўз хатти-ҳаракати учун жавоб бериши зарур.
Аввалроқ 27 апрель куни Слончак полиция ходимига ҳужум қилгани учун ҳибсга олингани маълум бўлди. Ҳодиса 26 апрель, якшанба куни содир бўлган. Патрул хизмати чироқларини ёқмасдан келаётган «Mercedes» автомобилини тўхтатган. Рул бошқарувида шаҳар кенгаши депутати Людмила Костенко бўлган. У алкоголга тест топширишдан бош тортган. Машинада Костенко билан кетаётган вице-мэр Слончак тўсатдан полициячига мушт туширган. Жабрланувчи шифохонага ётқизилган, машина эса жарима майдончасига олиб кетилган. Амалдор беш йилга қамалиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter