Ким Чен Иннинг синглиси АҚШга пўписа қилди
Шимолий Корея зарурат туғилса АҚШ ҳамда Жанубий Кореяга қарши шошилинч ва кенг кўламли чоралар кўради. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон номидан бугун, 7 март куни тарқатилган баёнотда сўз боради.
Шимолий Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасида фаолият юритиб келаётган сиёсатчининг пўписаларга бой баёноти АҚШ ҳамда Жанубий Корея йирик ҳарбий машғулотлар ўтказаётган пайтда янграмоқда. Ҳарбий машғулотлар доирада Корея яримороли узра АҚШнинг ядро қуролини ташишга мўлжалланган В-52H учоғи парвоз қилмоқда.
Ким Ё Чжонга кўра, Шимолий Корея Тинч океанига учирадиган қитъалараро ракета Қўшма Штатлар томонидан уриб туширилгудек бўлса, бу ҳолат уруш очиш деб қабул қилинади. Баёнотда Шимолий Корея бунга жавобан тегишли чоралар кўриши таъкидланган.
Гап шундаки, АҚШ Ҳинд-Тинч океанлари қўмондонлиги бошлиғи, адмирал Жон Акилино аввалроқ агар Шимолий Корея Тинч океанига қитъалараро баллистик ракета учирса, уриб туширилишини маълум қилган эди.
Сўнгги вақтларда Вашингтон ҳамда Сеулнинг ҳарбий ҳамкорлиги кучайгани Пхеньяннинг тинчини бузган.
6 март куни икки иттифоқчи В-52H учоғи иштирокида ҳаво машқларини ўтказди. 13–23 март кунлари ҳам икки давлат Шимолий Кореянинг ядро ва ракета таҳдидларига жавобан «Эркинлик қалқони» деб аталган машғулотлар ўтказиши режалаштирилган.
Расмий Пхеньян Корея яриморолида АҚШ ҳарбийларининг фаоллашганини қоралаб, реал хавф сезилса, жавоб чоралари кўрилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 35 ёшли Ким Ё Чжон айни пайтда Шимолий Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг тарғибот ва ташвиқот бўлими раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. У акасининг вориси экани айтилади. 2020 йилда ҳам Ким Чен Ин юрак жарроҳлиги операциясидан кейин ўлим тўшагида ётгани, унинг ўрнини синглиси эгаллаши ҳақида овоза тарқалган эди.
Айни чоқда, Ким Чен Иннинг укаси Ким Пхён Ир «захирадаги ворис» ўлароқ кўрилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, катта сиёсатда тобора нуфузи ошиб бораётган сингил Пхеньян Жанубий Корея билан урушни тўхтатишга тайёрлиги, аммо бунинг маълум шартлари борлигини маълум қилган эди.
Шимолий Корея халқ демократик республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Жумладан, Ким Ир Сен 1948–1994, Ким Чен Ир 1994–2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобоси ва отасидан қолган «тахт»ни эса 2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter