АҚШ президентлигига номзод сайловчилар билан биринчи учрашувидаёқ ҳўнграб йиғлаб юборди (Видео)
Америкалик хип-хоп ижрочиси Канье Уэст 19 июль, якшанба куни АҚШ президентлигига номзод сифатида ўз тарафдорлари билан биринчи учрашувини ўтказди. Жанубий Каролинада бўлиб ўтган тадбирда 200 киши иштирок этди. Артист ўзининг биринчи чиқишидаёқ ҳўнграб юборди. Мусиқачининг йиғилганлар билан бир соат давом этган мулоқоти «YouTube» орқали трансляция қилинди.
Рэпер сиёсий майдонда пайдо бўлишини шунчаки демократлардан қора танли сайловчиларнинг овозини олиб қўйишга уриниш сифатида баҳоламасликларини сўради.
«Мен тўрт йил Трамп (АҚШ президенти Дональд) томонида бўлдим. Тушунтириб бераман. Демократлар қораларни назарига илмайди... Сиёсатчилар, Америка, Трамп, Байден ёки Канье Уэст бизни озод қилолмайди. Бизга эркинлик берадиган ягона нарса — насиҳатларга амал қилиш», — деди мусиқачи.
Шунингдек, у ноқонуний иммиграция деган тушунча йўқ деган фикрни билдирди. Чунки бу одамлар, унинг айтишича, ишлайди ва АҚШни қўллаб-қувватлайди, чунки уларга озод бўлиш имконини бериш керак.
Сўнгра мусиқачи бўлажак рафиқаси Ким Кардашьян унга ҳомиладор эканлигини хабар берганини ва гўдакни асраб қолиш қарорига қандай келганини сўзлаб берди. Бу унга ўз қисматини эслатиб юборди.
«Мени онам қутқариб қолган. Отам аборт қилдиришни хоҳлаган. Онам ҳаётимни асраб қолган. Канье Уэст бўлмасди. Чунки отам ҳаддан ташқари банд бўлган», — бу сўзларни айтаркан рэпер ҳўнграб йиғлаб юборди.
Уэст, шунингдек, мамлакатнинг ҳарбий қудрати ҳақида сўзлади.
«Бошқа давлатлар келса-ю, сизнинг қуролингиз бўлмаса, сизнингча, нима бўлади? Сизни қул қилишади!» — деб изоҳлади у.
Канье Уэст 2020 йил АҚШ президентлигига бўладиган сайловларда иштирок этмоқчи. Унинг номзод сифатида расман рўйхатдан ўтганлиги 16 июль куни маълум бўлди.
Уэст Қўшма Штатлар президенти лавозимига даъвогарлик қилишини 5 июль куни эълон қилганди. Сайловолди пойгасида у мустақил номзод сифатида иштирок этишни режалаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter