Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Канадада собиқ интернат ҳудудида 200 та боланинг суяги чиқди

Канадада собиқ интернат ҳудудида 200 та боланинг суяги чиқди

Фото: «Ug.ru»

Канаданинг Камлупс шаҳрида маҳаллий болалар учун мўлжалланган собиқ мактаб-интернати ҳудудидан уч ёшдан ошган қарийб 200 дан зиёд боланинг қолдиқлари топилди, дея хабар бермоқда маҳаллий CBC News телеканали.

Телеканал маълумотларига кўра, Камлупсдаги ҳинду болаларига мўлжалланган мактаб-интернат 1890 йилдан 1969 йилгача католик черкови назорати остида фаолият кўрсатган. Кейинчалик у федерал ҳукумат назорати остига ўтган ва 1978 йилгача мавжуд бўлган.

«Бизга маълумки, бу ўлимлар ҳужжати мавжуд эмас. Баъзилари (қолдиқлар — таҳр.) уч ёшли болаларга тегишли», — дейди Камлупс шаҳридаги ҳинду жамоатчилиги раҳбари Розан Казимир. Унинг сўзларига кўра, қидирув ҳали ҳам давом этмоқда, шу боис топилган қолдиқлар сони кўпайиши мумкин.

Телеканалнинг маълум қилишича, қолдиқлар махсус радар ёрдамида топилган, аммо уларни эксгумация қилиш ҳали амалга оширилмади.

Мактаб-интернат жойлашган Британия Колумбияси провинцияси коронери Лиза Лапоинтнинг телеканалга айтишича, терговчилар «топилма»дан пайшанба куни хабардор бўлишди. Ҳозир улар ҳинду ҳамжамияти билан биргаликда қурбонларни аниқлаш бўйича маълумот тўплашмоқда.

«Биз Канададаги мактаб-интернат тизимининг кўплаб одамларга олиб келган фожиа ва қалбни ғаш қиладиган зараридан хабардормиз. Бугунги кунда хаёлимиз мотам тутаётганлар билан бирга», — деди Лапоинт.

Канада мактаб-интернат тизимининг ҳақиқий тарихи ва меросини ўрнатиш учун ташкил этилган Миллий Ҳақиқат ва Яраштириш Маркази (NCTR) хабарига кўра, мактабда 500 га яқин бола бўлган. 1915 йилдан 1963 йилгача у ерда 51 бола вафот этди. Умуман олганда, Канадада 1830-йиллардан охирги интернат ёпилган 1996 йилгача 150 мингдан ортиқ бола мактаб-интернат тизимидан ўтди.

NCTR ҳисоб-китобларига кўра, тўрт мингдан зиёд бола ушбу тизимнинг қурбонига айланган, аммо бу расмий рақамлар холос, ҳақиқий рақамлар «кўпроқ» бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Телеканал томонидан келтирилган ҳинду мактаб-интернатлари тизимининг тадқиқотчиси Эллен Тюрпель-Лафонднинг сўзларига кўра, «қолдиқларнинг топилиши маҳаллий халқларнинг кўп йиллар давомида айтган сўзларини тасдиқлайди — мактабга борган кўплаб болалар у ердан қайтиб келишмаган».

Унинг фикрича, мактаб-интернатларнинг мақсади маҳаллий аҳоли болаларини назорат остига олиш, уларнинг маданий меросларини йўқотиш ва оила билан алоқани узиш бўган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, болаларнинг ўлими ҳужжатлаштирилмаган, чунки улар жисмоний ва жинсий зўравонлик туфайли содир бўлган.

«Бу тасаввур қилиб бўлмайдиган фожиа. Бу Канада мактаб-интернат тизими туб аҳолига қилган зўравонликнинг энг ёрқин намунасидир. Бу ваҳшийликларнинг оқибатларини бугунги кунгача ҳис қилиб келмоқдамиз», — деди Британия Колумбияси провинцияси бош вазири Жон Хорган.

Телеканал хабарига кўра, аҳоли Ванкувер санъат галереяси зинапояларига болалар пойабзали ва ўйинчоқларини териб чиқиб, оламдан ўтган болалар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг