Жидда учрашуви: Украинага доир қандай жиддий келишувга эришилди?
Жорий йил 5-6 август кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Украинада тинчлик ўрнатиш масаласида йирик халқаро машварат бўлиб ўтди. Қирқдан зиёд мамлакат вакиллари – миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар, махсус элчи ва дипломатлар қатнашган учрашувда қандай келишувга эришилди?
Саудия расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бош вазир Муҳаммад бин Салмон саъй-ҳаракати билан ташкил этилган анжуманда тинчлик йўлида умумий махражга келиш муҳимлиги таъкидланган.
Таҳлилчилар ҳам турли позициядаги давлатларнинг ягона тўхтамга келиш истагини изҳор этганини машваратнинг асосий ютуғи деб баҳоламоқда.
Музокара давомида Украина бошқа давлатлардан ўзининг тинчлик режасини қабул қилишни талаб қилмаган. Ўз навбатида, бошқа давлатлар Киевдан тинчлик формуласидан воз кечишни сўрамаган. Жорий йил июнь ойида Дания пойтахти Копенгаҳен шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда бу борада жиддий ихтилоф кузатилган эди.
Учрашувда бевосита қатнашган Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Жиддада кечган маслаҳатлашувларни «самарали» деб баҳолаган.
Музокараларда Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети, халқаро ҳуқуқ устуворлиги, зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасида муштарак позиция билдирилган.
Киев делегацияси тинчлик формуласи (Украинанинг ядро, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, асирларни озод қилиш, БМТ ҳужжатлари ва мамлакат ҳудудий яхлитлигига риоя этиш кабилар) ҳақида гапирган.
Аввалроқ Саудия Арабистони Украина ҳудудий яхлитлигини сақлаш, барча йўналишларда ўт очишни тўхтатиш, БМТ назорати остида музокара бошлаш каби бандларни ўз ичига олган тинчлик дастурини таклиф этгани ҳақида хабар берган эдик.
Жидда маслаҳатлашувида ЕИ, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Ҳиндистон, Япония, Бразилия каби йирик давлатлар қаторида илк бор Хитой ҳукуматининг махсус элчиси Ли Хуэй қатнашган. Таҳлилчилар Кремлга кучли таъсирга эга Пекиннинг маслаҳатлашувга қўшилишида ижобий аломат кўрмоқда.
Жидда учрашувига Россия таклиф этилмаган. Мезбон давлат Москвани маслаҳатлашув якунидан хабардор қилиши кутилмоқда.
Саудия ҳукумати ушбу учрашув инқирозни сиёсий ва дипломатик чоралар орқали ҳал этиш йўлида муҳим қадам бўлишига умид билдирган.
Саудия Арабистони Украина уруши бошланган илк ойлардаёқ уни бартараф этиш борасида воситачилик ролини таклиф қилган. Мувозанат тамойилига асосланган ташқи сиёсат юритаётган Риёз Москва билан ҳам, Киев билан ҳам илиқ муносабатга эга. Бу эса музокараларда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунга кўра кузатувчилар Жидда учрашувини Саудиянинг кўп қутбли дипломатияси самараси деб баҳоламоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни шахсан қўллаб-қувватлашга тайёр эканини айтган.
Ўтган йили подшоҳлик воситачилигида Россия–Украина урушида асир олинган чел эл фуқаролари озод қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter