Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбулда 61 кунга етадиган сув қолди

Истанбулда 61 кунга етадиган сув қолди

Туркиянинг Истанбул шаҳрини сув билан таъминловчи сув омборларида бор-йўғи икки ойлик сув қолди. Агар қурғоқчилик давом этса, вазият кескинлашади, деб хабар бермоқда NTV телеканали.

«Шундай қилиб, шаҳарда 91 кунлик сув захираси бор, лекин 25 фоизи буғланишини ҳисобга олсак, захира 61 кунгина давом этади», — дейилади телеканал хабарида.

Истанбул сув ресурслари ва канализация бошқармаси (İСКİ) маълумотларига кўра, 16 август, чоршанба ҳолатига кўра, сув ҳавзаларини тўлдириш даражаси 33,37 фоизга етган. Бу 289 миллион куб метрдан ортиқ сув ҳисобланади. Шу билан бирга, сўнгги икки ҳафта ичида шаҳарда кунига 3 миллиондан 3,5 миллион куб метргача сув истеъмол қилинган.

Июль ойи охирида Истанбулда сув таъминоти кескин пасайгани маълум бўлди. Бир ҳафта давомида кўрсаткич икки фоизга камайди, яъни норманинг 40 фоизини ташкил этган.

Маълумотларга кўра, фақат 2014 йилнинг ўзидаёқ сув омборлари 17 фоизга тўлдирилган бўлса, кейинги саккиз йилда бу кўрсаткич 52 фоиздан пастга тушмаган. Ўтган август ойида сув омборлари 62 фоизга тўлган.

10 та энг катта сув омборининг ярми деярли саёз: улар икки фоиздан кам тўлган. Сув захираларининг 80 фоиздан ортиғи ҳозир учта сув омборида – Омерли, Дарлык ва Теркосда.

Об-ҳаво прогнозларига кўра, Истанбулда яқин ўн кун ичида ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати 30 дан 32 даражагача иссиқ бўлади. Шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли фуқароларни сувни тежашга чақирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг