«Исроилни дунёга ҳарбий жиноятчи сифатида танитамиз» – Эрдўғон
28 октябрь куни Истанбулдаги Отатурк номли аэропорт ҳудудида Исроилнинг Фаластинга нисбатан юритаётган ишғол ва зўравонлик сиёсатига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди.
Қарийб 1,5 миллион киши қаршисида нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил уч ҳафтадан буён Фаластин ҳудудида очиқчасига ҳарбий жиноятлар содир этаётгани ҳақида гапирди.
Қуйида Туркия раҳбарининг «Büyük Filistin Mitingi» деб номланган намойишда сўзлаган нутқидан иқтибослар ҳавола этилмоқда.
- «Ғарб дунёси Ғазода болалар, аёллар ва бегуноҳлар қирғинини қонунийлаштириш учун сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситаларини сафарбар қилди. Исроил роппа-роса 22 кундан бери очиқчасига ҳарбий жиноятлар содир этмоқда. Исроил, биз сени бутун дунёга ҳарбий жиноятчи деб танитамиз. Ҳозирда бунга тайёргарлик кўряпмиз, шу устида ишлаяпмиз».
- «Ғазода амалга оширилаётган ишлар мудофаа эмас, очиқ ва жирканч қирғинбаротдир. Улар қурол сифатида қўллаган омиллар – очлик, ташналик, ёнилғи этишмаслиги ва саломатлик хизматларидан айириш орқали Ғазо халқини оммавий равишда йўқ қилиш пайидалар».
- «Эй дунё аҳли, бу ҳақиқатларнинг ҳаммасини кўриб турибсиз. БМТ бош котиби бутун дунёга ҳайқирмоқда, лекин сиз тингламайсиз. Қулоқларингиз эшитмайди, кўзларингиз кўрмайди, буларга қулоқ осмайсиз».
- «Минтақамиздаги барча жамиятлар насл-насаб, эътиқод, мазҳабдан қатъи назар, бир бўлишимиз, бирдам бўлиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Акс ҳолда, бирин-кетин ҳаммамиз ана шундай тақдирга дучор бўлишимиз муқаррар. Минтақадаги барча давлат ва халқларни якдиллик марҳамати майдонида бирлашишга, айрилиқдек азобли майдондан узоқ туришга чақирамиз».
- «(Ғазо аҳолиси) ташқи дунё ёрдамга рухсат бермагани учун электр энергиясидан озиқ-овқат, тиббиёт ва тозалаш воситаларига қадар – барча инсоний эҳтиёжларни қондира олмайдиган вазиятда. Кечадан бери содир этилган ишлар эса том маънода ақл бовар қилмас ҳолатдир».
- «Бундай даҳшатли вазиятга қарамай, Ғазо халқининг обрўси, қатъияти ва ўз юртига садоқати тарихга душманга бўйин эгмасликнинг улуғвор достони сифатида киради».
- «Булар фақат ўлдиришни билади. Ғазо халқининг золим томонидан ёғдирилган бомбаларга қарамай, уйлари ва шаҳарларини тарк этмаслик қарорини миллатим номидан юксак қадрлайман».
- «Улар суянган ғарбликлар ўз уйлари ёна бошлагач, бу ерни тарк этади ва Исроил бу минтақада 75 йил давомида зулм қилган халқи ва биродарлари билан ёлғиз қолади. Туркия худди 500 йил олдин ва Иккинчи жаҳон урушида бўлгани каби муаммога дуч келган бу мазлум халқнинг умиди бўлади».
- «Бу минбарда туриб, мен яқинда Исроил ҳукуматига қилган чақирувимни яна бир бор такрорламоқчиман: бўйингизни, танангизни, қалбингизни ошиб ўтаётган бемаъни гаплар, муносабатлар ва сўзлар билан турк миллатининг раҳм-шафқат туйғуларидан маҳрум қилманг. Чунки ишонаверинг, келажакда худди ота-боболарингизга керак бўлгани каби, сизга ҳам, фарзандларингизга ҳам ҳали керак бўлади бу!»
- «Келинг, бугун мазлумларга ёрдам бериш ҳақидаги илтимосимизни ва тинчлик ўрнатиш учун мулоқот эшикларини очиш учун қилаётган чақирувимизга қулоқ тутинг. Келинг, бугун ўзингиз ва фарзандларингиз келажаги учун, эҳтимол ҳаётингизда биринчи марта яхшилик томон қадам ташланг».
- «Исроилнинг 75 йилдан бери узлуксиз давом этган жабр-зулми бир кун албатта тугайди».
- «Биз «адолатли тинчликнинг мағлуб бўлмаcлиги»га бўлган самимий ишонч билан ҳаракат қиляпмиз. Суҳбатдошларимизни ҳам якдил фикр атрофида бирлашишга таклиф қиламиз».
Туркия раҳбари минтақада зиддият яна қайта кучайган 7 октябрдан буён Тель-Авив маъмуриятига қарши кескин баёнотлар бериб келяпти.
Аввалроқ cиёсий етакчи Ғазодаги аянчли вазият туфайли Исроилга режалаштирилган ташрифини бекор қилган, минтақада тинчлик ўрнатилиши мустақил Фаластин давлатининг барпо этилишига боғлиқ эканини таъкидлаган эди.
У, шунингдек, зиддиятни ҳал этиш учун минтақадаги барча нуфузли кучлар иштирокида «Халқаро Фаластин – Исроил тинчлик конференцияси» ташкил этишни тавсия қилган.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил президент Эрдўғоннинг сўнгги баёнотлари сабаб икки томонлама муносабатларни қайта кўриб чиқиш учун Туркиядаги дипломатларини чақириб олишга қарор қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter