Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроилда ярим миллион киши норозилик намойишига чиқди

Исроилда ярим миллион киши норозилик намойишига чиқди

Якшанбага ўтар кечаси Исроил кўчаларида ярим миллиондан зиёд аҳоли норозилик намойишига чиқди. Маҳаллий матбуотга кўра, бу мамлакат тарихидаги энг йирик намойишдир. Биргина пойтахт Тель-Авивда 200 минг киши аксилҳукумат акциясида қатнашган.

Исроилда норозилик акциялари икки ойдан буён тўхтамаётир. Мухолифат ва кўп сонли аҳоли Бинямин Нетаняҳу ҳукумати таклиф этган суд тизими ислоҳотларидан норози.

Таклиф этилаётган ўзгаришлар суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижроия тизимларига таъсир кўрсатиш ваколатидан маҳрум этишни кўзда тутади. Ҳозирга қадар Олий суд парламент қабул қилган қонунларни конституцияга зидлиги сабаб тўхтатиб қўйиши мумкин эди. Эндиликда суд ветосини парламентдаги кўпчилик овоз билан айланиб ўтиш таклиф этилмоқда. Ушбу тартиб амалга киритилса, Кнессетда кўпчилик овозга эга партия ўзи истаган қонунни қабул қилиши ёки бекор қилиши мумкин бўлади.

Мухолифат ва кўп сонли намойишчилар бу ўзгаришларни демократик тамойилларга тажовуз деб баҳоламоқда. Норозилик намойиши қатнашчилари суд тизимига доир ислоҳотлар ҳокимиятларнинг бўлиниш тамойили ва мувозанатини издан чиқариши, диктатурага йўл очишидан хавотир билдирмоқда.

Бинямин Нетаняҳу ҳукумати ҳозирча намойишчилар билан мулоқот қилишдан ўзини олиб қочмоқда. Ўзгаришлар ташаббускорлари даъвосига кўра, суд ҳокимияти ваколатларини чеклаш халқ иродасини ифодалайди.

Times of Israel газетасининг ёзишича, Нетаняҳу маъмурияти АҚШни намойишларни молиялаштириш ва ташкиллаштиришда айблаган.

Исроил президенти Ицхак Ҳерцог ҳукумат ҳуқуқий ислоҳотлардан воз кечиши кераклиги ҳақида баёнот берган.

Аввал хабар берганимиздек, Б.Нетаняҳу бош вазир лавозимида судга тортилган илк сиёсатчи сифатида мамлакат тарихига кирди. «Ликуд» партияси етакчиси порахўрлик, тамагирлик, бюджет маблағини талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбланди.

Сиёсий инқироз ва такрорий сайловлар ортидан у яна давлат тепасига келди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг