Исроил ҳарбийлари “Оскар” соҳиби бўлган режиссёрни ҳибсга олди

Фаластинлик режиссёр Ҳамдан Балал Исроил ҳарбийлари томонидан Ғарбий Соҳилда қўлга олинди. “Бошқа ер йўқ” деб аталган ҳужжатли фильм учун “Оскар” мукофотини олган режиссёрнинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.
The Guardian нашри хабарига кўра, 24 март куни ишғол остидаги Ғарбий Соҳилнинг Сусия қишлоғига яҳудий келгиндилари ҳужум уюштирган.
Радикаллар, жумладан, режиссёр Ҳамдан Балални калтаклаб, унинг машинасига шикаст етказишган. Сўнг келгиндилар уни Исроил ҳарбийлари қўлига топширган. Ҳарбийлар уни ҳибсга олиб номаълум томонга олиб кетган.
Исроил армияси ҳужум оқибатида жароҳатланган режиссёрнинг ҳолати ва тақдири хусусида маълумот бермаган.
Ҳамдан Балал жорий йил март ойида “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида “Оскар” мукофотига сазовор бўлган “Бошқа ер йўқ” картинасининг муаллифларидан бири саналади. Фильмда Исроил маъмурияти ва яҳудий келгиндиларининг Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари, муттасил таҳдид остида умр кечираётган фаластинликларнинг изтироблари тасвирланган.
Cўнгги вақтларда Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатлари кучайгани кузатилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битимга келишганидан икки кун кейин, 21 январь куни Ғарбий Соҳилда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Ҳужум “аксилтеррор операцияси” дея ниқобланган.
Исроил армияси Ғарбий Соҳилдаги ўнлаб биноларни портлатди. Яҳудий давлати армияси ушбу бинолардан террорчилар фойдаланганини иддао қилган. БМТ эса ҳудудда зўравонлик кучайиб кетганидан хавотир изҳор этган.
Таҳлилчилар Ғазо секторини яшаш учун буткул яроқсиз ҳолга келтирган Исроил армияси эндиликда Ғарбий Соҳилда ана шундай вайронкор амалиёт ўтказаётганини айтмоқда.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳарбий амалиёт давомида Ғарбий Соҳилда ўнлаб одам ўлдирилган. Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти ҳудудда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортганидан огоҳлантирган.
Аввалроқ Исроилнинг радикал қанотга мансуб молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий Соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилганди. Халқаро ҳуқуққа зид бу ташаббус Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар томонидан қораланган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилни ноқонуний манзилгоҳларда яшовчи ўз фуқароларининг фаластинликларга нисбатан зўравонлигига қарши зарур чоралар кўрмасликда айблаб келади.
Ғарб давлатлари Тель-Авивдан Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter