Исроил фаластинликларнинг Ақсо масжидига киришини чеклади
Исроил Рамазон ойи бошлаганидан буён Қуддусдаги Ақсо масжидига фаластинликларнинг киришини чекламоқда. «Ал-Жазира» таровеҳ ҳамда жума намозига минглаб фаластинликлар киритилмагани, бу эса тарангликни янада кучайтираётгани ҳақида хабар берди.
Тель-Авив маъмурияти ўрнатган чекловга кўра, Ақсо масжидига 55 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 50 ёшдан ошган аёллар қўйилади. Улар ҳам аввалдан рухсатнома олган бўлиши лозим.
Фаластин миллий ташаббуси бош котиби Мустафо Баргутий фаластинликларнинг қарийб 95 фоизи муқаддас масжидга кириши ман этилгани, рухсатнома олиш мураккаблигини айтган.
Anadolu агентлиги хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари Ақсо масжиди дарвозаларига темир тўсиқлар ўрнатган. Ишғол остидаги Ғарбий соҳилдан келган кўп сонли фаластинликлар ҳам Қуддусга киритилмаган.
15 март куни Фаластин ташқи ишлар вазирлиги Исроил маъмуриятининг Ақсо масжидига кириш бўйича чекловини қоралаб баёнот берди. Вазирлик халқаро ҳамжамият, хусусан, АҚШни Тель-Авивнинг айирмачилик сиёсатига чек қўйиш ва мусулмонларнинг эътиқод ҳуқуқини таъминлаш борасида амалий ҳаракатга чақирди.
Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг Рамазон ойида мусулмонларнинг Ақсо масжидига киришини чеклаш бўйича тавсияларини қабул қилгани маълум бўлган эди. Хабарда айтилишича, бош вазир ушбу қарор фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга эътибор қаратмаган.
Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар бўлиб келганларининг дастлабки йилларида мусулмонлар намозларини ушбу масжид томон юзланиб ўқиганлар. Бу жиҳатдан, Ақсо илк қибла ўлароқ эъзозланади. Қолаверса, Исро кечасида Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккадан Қуддусга – Ақсо масжидига сайр эттирган. Ушбу масжидда ўқилган намозга бошқа ерда ўқилган намоздан 500 баробар баланд мақом берилган.
Маълумот ўрнида, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамият қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.
Ўзаро битимга мувофиқ, Ақсо масжидини Иордания вақф идораси назорат қилиши керак. Таҳлилчилар Исроилни келишув ҳамда статус-квони бузган ҳолда, муқаддас масжидга мусулмонларнинг киришини чеклаш, уни «яҳудийлаштириш»га уринишда айбламоқда.
Исроил хавфсизлик кучларининг Рамазон ойида Ақсо масжидига босқин уюштириши нохуш анъанага айланган. Масалан, 2023 йилги Рамазонда хавфсизлик кучлари Ақсо масжидига бостириб кириб, намоз ўқиётган юзлаб фаластинликларга нисбатан шовқинли граната, заҳарли газ, резина ўқлар билан ҳужум қилган эди.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжолар дахлсизлиги – статус-квога риоя этилиши кераклиги ҳақида баёнот берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter