Исломофобияга қарши қандай курашган маъқул?
Туркия, Покистон ҳамда Малайзия давлатлари ҳамкорлигида исломофобияга қарши кураш бўйича ахборот-коммуникация маркази ҳамда махсус телеканал ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бўйича бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун маълум қилган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад ҳамда Покистон ҳукумати раҳбари Имрон Хон БМТ Бош ассамблеясининг 74-сессияси доирасида учрашиб, исломофобияга қарши кураш мақсадида ҳамкорликда телеканал таъсис этишга қарор қилган.
Профессор Фахриддин Алтунга кўра, инглиз тилида фаолият юритадиган телеканал йирик халқаро лойиҳанинг бир қисми саналади. Янги марказ, шу билан бирга, маърифий видео ва ҳужжатлар фильмлар тайёрлаш, китоблар чоп этиш, ижтимоий тармоқда тарғибот олиб бориш ҳамда тадқиқотлар билан шуғулланади.
«Исломофобия ирқчиликнинг бир кўриниши, нафратга асосланган жиноятдир. Таассуфки, бугун ўз вазифасини қойилмақом бажара олмаган сиёсатдонлар ўз камчиликларини ирқчилик ва исламофобик баёнотлар билан хаспўшлашга уринаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», – дейди Фахридди Алтун.
Фахриддин Алтунга кўра, муқаддас ислом динини обрўсизлантириш ва ёмонотлиқ қилишга уринишлар зўравонлик ва терроризмнинг кучайишига олиб келади. Янги ташкил этиладиган телеканал ҳам биринчи навбатда Ислом дини хусусидаги янглиш қарашларга муносиб жавоб беради. Қолаверса, уч мамлакат ҳамкорлигида фаолият юритадиган янги оммавий ахборот воситаси Ислом олами ва Ғарб ўртасидаги тарангликни юмшатиш, ўзаро робиталарни яхшилашга хизмат қилади.
Кейинги йилларда дунё миқёсида исломга қарши душманлик кайфияти кучаймоқда, муқаддас динни ёмонотлиққа қилишга уринишлар авж олмоқда. Мусулмон оламида етакчи давлатлардан бири саналган Туркия раҳбарияти исломофобияга қарши муросасиз курашиб келмоқда. Хусусан, яқинда БМТ Бош ассамблеясида 74-сессиясида нутқ сўзлаган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Янги Зеландиядаги масжидга ҳужум уюштирилган 15 март санасини Исломофобияга қарши халқаро бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этган эди.
Кузатувчилар 2001 йил 11 сентябрь воқеалари ортидан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция мусулмон давлатларида ҳарбий операциялар олиб боргач исломофобия кучайганини таъкидлайдилар. Европадаги ирқчилик ҳолатларини мониторинг қилиш маркази тадқиқотларига кўра, кўҳна қитъада масжид ва исломий марказларга ҳужум, мусулмонларни, хусусан, ҳижобли аёлларни таҳқирлаш, ишга қабул қилиш ва таълим тизимида дискриминация каби ҳолатлар кўпаймоқда.
Дунёнинг турли чеккаларида рўй бераётган воқеалар исломофобияга қарши зўрлик билан курашиш наинки бефойда, балки зарарли ҳам эканини кўрсатмоқда. Шу боис жаҳолатнинг ушбу кўринишига қарши маърифат билан – ахборот майдонида соғлом фикрлар билан курашиш талаб этилмоқда.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter