Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрон Исроилга ракета ва дронларда ҳужум қилди (асосий хабарлар)

Эрон Исроилга ракета ва дронларда ҳужум қилди (асосий хабарлар)

Фото: BBC

Эрон Исроил томон ўнлаб дрон ва ракеталарни учирди. Ҳужум 13 апрель куни тунда бошланган. Дастлаб, дрон ҳужуми ҳақида хабар берилган эди, кейин Эрон қанотли ракеталарни учиргани маълум бўлди.

Исроил армияси матбуот котиби Даниел Ҳагарининг айтишича, Эрон Исроилга учувчисиз қурилмалар, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилган. Унга кўра, 200 дан ортиқ ракета ва дрон учирилган.

Эрон давлат матбуоти ҳужумни дарҳол тасдиқлади, дея хабар беради CNN. «Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси консуллик бўлимига ҳужум қилган жиноятига жавобан, Эрон ҳаво кучлари ўнлаб учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан сионистик режим ҳудудларидаги аниқ нишонларга зарба берди», — дейилади давлат телевидениеси баёнотида.

Бенямин Нетаняҳу ҳужумдан сўнг дарҳол халққа мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, Исроил узоқ йиллардан буён Эрондан тўғридан-тўғри ҳужумга тайёргарлик кўрган ва ҳозирда барча мудофаа тизимлари шай ҳолатда ва ҳукумат «ҳар қандай сценарийга, ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга тайёр. Бош вазир мамлакатни ҳар қандай таҳдиддан «хотиржамлик ва қатъийлик билан» ҳимоя қилишга ваъда берган.

«Агар Исроил режими яна бир хатога йўл қўйса, Эроннинг жавоби анча қаттиқроқ бўлади», — деб хабар қилди Эроннинг БМТдаги ваколатхонаси ижтимоий тармоқларда. Шунингдек, АҚШ Эрон ва Исроил ўртасидаги можародан «узоқ туриши» кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

АҚШ кучлари томонидан Исроил чегараларидан ташқарида ўнлаб дронлар уриб туширилган. Бундан ташқари, Исроил ОАВ манбаларига кўра, учувчисиз қурилмалар Иордания ҳаво кучлари самолётлари ҳам туширган. Шу билан бирга, учувчисиз самолётларнинг бир қисми охир-оқибат Исроилга учиб ўтгани, натижада ҳаво ҳужуми сиреналарини ишга туширилган. CNN хабарига кўра, уриб туширилган учувчисиз учоқлардан осмонда чақнашлар Исроил шимолидаги Ҳайфа ҳудудида, жанубдаги Беершеба ҳудудида, шунингдек, Голан тепаликлари ва Исроил назоратидаги Ғарбий Соҳилда кузатилган.

Исроил расмийсининг матбуотга айтишича, Эрон томонидан учирилган ракета ва учувчисиз самолётларнинг жами 99 фоизи уриб туширилган. «Бироқ, Эрон Исроилга ўз ҳудудидан биринчи марта ҳужум қилаётгани жавобни талаб қилади ва бу тез орада амалга ошади», дейди расмий.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг