Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Илҳом Алиев кескин баёнот берди

Илҳом Алиев кескин баёнот берди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев халқаро ташкилотлар қарорлари ижросиз қолаётганини танқид қилди.

Дунёнинг етакчи халқаро ташкилотлари томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси пайсалга солинмоқда. Бу ҳақда Илҳом Алиев сербиялик ҳамкасби Александр Вучич билан учрашув якунидаги баёнотда гапирган.

И.Алиев, аввало, Озарбайжон ва Сербия стратегик ҳамкор сифатида бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. Айни чоқда, у халқаро ташкилотлар фаолиятини танқидий баҳолаган.

«Бизнинг ҳудудларимиз узоқ йиллар давомида ишғол остида бўлди. Ишғол муносабати билан етакчи халқаро ташкилотлар томонидан муҳим қарор ҳамда резолюциялар қабул қилинган. Бу борада БМТ Хавфсизлик кенгашининг тўрт резолюциясини алоҳида қайд этишим лозим. Уларда Арманистон қуролли кучларини Озарбайжон ерларидан зудлик билан, сўзсиз ва тўлиқ олиб чиқиш талаби ҳам бор эди. БМТ Бош ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, Европа кенгаши, Европа парламенти, ЕХҲТ, яъни барча етакчи халқаро ташкилотлар бизнинг позициямизни қўллаб-қувватлаб қарор ва резолюциялар қабул қилди, лекин масала барибир ечим топмади», – дейди И.Алиев.

Бунга сабаб сифатида у халқаро тузилмалар қарор ва ҳужжатлари танлов асосида ижро этилишини кўрсатган.

«БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари баъзида бир неча кун, баъзида бир неча соат ичида ижро этилади. Бизнинг масалага келганда, бунга эриша олмадик, ушбу қарорлар ижросини 27 йил кутдик. Шу боис ҳам дунё ҳамжамияти халқаро ташкилотларнинг келгуси фаолияти юзасидан ўз таклифларини бериши лозим», – дейди Озарбайжон етакчиси. 

И.Алиевга кўра, ҳужжатлар ижро этилмагач, музокаралар наф бермагач, Озарбайжон БМТ низомида кўзда тутилган ҳуқуқдан фойдаланиб, ўз ҳудудий яхлитлиги ҳамда адолатни тиклади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг