Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки президент дастурхон устида шоколадни талашиб қолди...

Икки президент дастурхон устида шоколадни талашиб қолди...

Фото: Reuters

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози «Бўрон турганда» (Le Temps des Tempêtes) деб номланган мемуар асарида Россия раҳбари Владимир Путин билан боғлиқ қизиқарли ҳодисани ҳикоя қилди. Бу ҳақда Россия матбуоти FranceInfo нашрига таяниб хабар беради.

Икки президентни ноқулай аҳволга солиб қўйган воқеа 2007 йили Германиянинг Ҳайлигендамм шаҳрида ташкил этилган «Катта саккизлик»  давлат раҳбарлари учрашувида рўй берган.

Ҳикоя қилинишича, таом пайти Николя Саркози ва Владимир Путин тақсимчада қолган биттагина шоколад бўлагига бараварига қўл узатган.

«Ўнғайсиз ҳолат юзага келди. Барча (президентлар) қизиқиш ила қандай йўл тутишимизни кузатар эди. На камина, на Путин бир оғиз сўз айтди. Қани ким аввал таслим бўларкан дея бир-биримизга синовчан тикилиб қолдик. Қўққисдан иккаламиз ҳам қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбордик. Ахир, бу ўринда ғолиб-мағлуб бўлиши мумкин эмас эди. Охир-оқибат шоколаднинг сўнгги бўлагини тановул қилиш фикридан воз кечдик, тақсимчани нари суриб қўйдик», – деб ёзади Н.Саркози.

Қайд этилишича, Владимир Путиннинг кунлик овқатланиш рационига ёғсиз гўшт, балиқ, ёрма, тухум, мева ва сабзавотлар киради. Россия раҳбари кечки пайт парҳез сақлаб, сут маҳсулотлари истеъмол қилишни маъқул кўради.

Давлат раҳбарларининг таомланиши хусусида сўз борганда, АҚШ президенти Дональд Трамп парҳездан йироқ, «носоғлом» овқатларга ружу қўйгани айтилади.

74 ёшли Трамп гамбургер, сэндвич, пицца каби тез тайёрланадиган егуликларни хуш кўради. Оқ уйнинг амалдаги раҳбари ичимлик борасида ҳам ўзини кўп чегарамайди, шифокорлар тақиқига қарамай доим кока кола ва шоколад коктейли истеъмол қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг