ҲАМАС маълум шарт эвазига гаровдаги барча исроилликларни озод қилишга тайёр

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати, агар доимий ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинлари Ғазо секторидан тўлиқ чиқиб кетишга олиб келадиган келишувга эришилса, иккинчи босқичда қолган барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилишга тайёрлигини билдирди.
Бу ҳақда ҳаракат матбуот котиби Ҳазим Қосимга таяниб, Al Jazeera хабар қилмоқда.
«Агар доимий ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторидан қўшинларни тўлиқ олиб чиқишга олиб келадиган келишувга эришилса, бунда маҳбуслар бир йўла алмаштирилади. Биз ушбу шартлари бўлган иккинчи босқичга тайёрмиз», – дейди Ҳазим Қосим.
Аввалроқ, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси Қоҳирадаги муваффақиятли музокаралардан сўнг Исроил 22 феврал куни Ғазодан олти нафар гаровга олинган киши озод этилишини, шунингдек, келаси пайшанба куни тўрт нафар ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасадларини топширишни кутаётганини тасдиқлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 январ куни Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида Исроил ва ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва анклавда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришган эди. Уч босқични ўз ичига олган келишув 19 январ куни кучга кирди. Келишувнинг 42 кунлик биринчи босқичида ҲАМАС Исроил қамоқхонасидаги фаластинлик маҳбуслар эвазига 33 нафар гаровдагиларни озод қилиши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter