Грузия парламенти жанжалли қонун лойиҳасига қўйилган тақиқни олиб ташлади
Грузия парламенти кўпчилик овоз билан президент Саломе Зурабишвили томонидан «Чет эл таъсирининг очиқлиги тўғрисида»ги мунозарали қонунга қўйган ветони бекор қилишга муваффақ бўлди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Грузия жамиятининг катта қисмининг норозилигига, АҚШ ва Европа Иттифоқининг танқидига сабаб бўлди ва Тбилисида кенг кўламли намойишларга олиб келди.
Асосан ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясидан 84 депутат президент ветосини бекор қилиш учун овоз берди. Президент ветосини бекор қилиш учун парламентдаги 150 нафардан камида 76 нафарининг овози керак эди. Ҳукмрон партия фракцияси парламентда 84 депутатдан иборат.
Сешанба куни парламентнинг президент ветоси масаласи муҳокама қилинган ялпи мажлисида парламентдаги кўпчилик вакиллари ва мухолифат депутатлари ўртасида яна қизғин баҳс-мунозаралар бошланди.
Мухолифатдаги Бирлашган Миллий Ҳаракат партияси депутати Анна Цитлидзенинг айтишича, хорижий агентлар ҳақидаги қонун кўп муаммоларни келтириб чиқаради.
«Бизнинг Европа Иттифоқига киришимиз тақиқланади, Грузия Европа билан визасиз саёҳат қилишдан маҳрум бўлиши мумкин. Ғарб давлатлари бизга қарши санкциялар жорий этиши аниқ, бу Грузия иқтисодиётига бевосита таъсир қилади», — дея депутатнинг сўзларидан иқтибос келтиради Интерфакс агентлиги.
Ҳукмрон партия вакиллари ўз рақибларини Грузия манфаатларига хиёнат қилишда айблади.
«Сиз ўз давлатингиз манфаатларини эмас, балки хорижий давлатлар манфаатларини кўзлаб иш қиляпсиз. Бу очиқдан-очиқ хиёнатдир», - деди парламент раиси Шалва Папуашвили мухолифат депутатларига мурожаат қилиб.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter