Гондураснинг собиқ президенти АҚШ талаби билан ҳибсга олинди
АҚШ талаби билан Гондураснинг собиқ президенти ҳибсга олинди. Унинг укаси эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Собиқ президент Хуан Орландо Эрнандес президентлик ваколатлари тугаганидан бир неча соат ўтиб, 15 феврал куни миллий полиция томонидан ҳибсга олинган. У гиёҳванд моддалар савдосига шерикликда айбланмоқда. Расмий маълумотларга кўра, собиқ президентнинг ўзи уйдан чиқиб, полицияга таслим бўлган.
АҚШ ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, Эрнандес, Колумбия ва Венесуэладан АҚШга катта миқдорда кокаин олиб ўтиш операцияларида иштирок этган. Шунингдек, у гиёҳванд моддалар сотувчиларини тергов ва таъқиблардан ҳимоя қилиш учун миллионлаб доллар олган.
7 феврал куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен коррупцияга алоқадорлиги сабабли Эрнандесга виза чекловлари жорий қилган.
Собиқ президентнинг укаси Хуан Антонио Эрнандес 2021 йилда АҚШ суди томонидан гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Эрнандес 2014 йилдан буён Гондурас президенти бўлиб келаётган эди, 2022 йил январ ойида унинг ўрнига Сиомара Кастро давлат раҳбари этиб сайланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter