Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия яшил энергия бўйича рекорд қайд этди

Германия яшил энергия бўйича рекорд қайд этди

Фотога изоҳ: Шимолий Рейн-Вестфалиядаги шамол генераторлари.

Фото: dpa

2022 йилда Германия яшил электр энергия бўйича рекорд натижа қайд этди. Энергетика ва сув хўжалиги федерал иттифоқи (BDEW) хабарига кўра, жорий йилда мамлакатда яшил электр энергия улуши 47 фоизга етган. 2021 йилда бу кўрсаткич 42 фоизни ташкил қилган эди.

Айни чоқда, энергетикада кўмир улуши 28,3 фоиздан 31,9 фоизга ошган. Энергия бозорига кўмирда ишлайдиган станцияларнинг қайтиши газ сарфини тежаш эҳтиёжи билан изоҳланади. Қолаверса, 2021 йил якунида мамлакатдаги атом электр станциялари ҳам тасарруфдан чиқарилган.

Йил давомида энергетика саноатида атмосферага карбонат ангидрид чиқиши ошган. Шунга кўра BDEW ижроия кенгаши раиси Керстин Андреэ атроф-муҳитни муҳофаза этиш бўйича устувор мақсадларни амалга ошириш учун жадал ҳаракат қилиш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини кўпайтиришга ундаган.

Германияда жорий йилда табиий газ сарфи камайган. Бунга Россиянинг газ етказишни товламачилик қуролига айлантиргани ва тежаш сиёсати сабаб бўлган.

Reuters агентлигига кўра, жорий йилнинг 6 ойида Германияда қайта тикланадиган энергия манбалари улуши 49 фоизни ташкил қилган эди. Ҳисоб-китоб жараёнида энергия ишлаб чиқариш эмас, балки унинг амалдаги сарфи инобатга олинган. 

Олмон ўлкаси иқлим ўзгариши салбий оқибатларини камайтириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширмоқда. Иқлим муҳофазасига доир федерал қонунга мувофиқ, 2030 йилда атмосферага заҳарли газлар чиқариш кўрсаткичини 1990 йилга қараганда 65 фоизга камайтириш кўзда тутилган. 2045 йилга бориб эса Европа локомотиви дея таърифланадиган Германияда иқлим бетарафлигига эришиш, яъни заҳарли газлар миқдорини энг қуйи кўрсаткичга тушириш режалаштирилган.

2021 йилда ўтказилган ижтимоий сўровга кўра, Германиядаги 92 фоиз хўжалик нефть, кўмир, газ каби қазилма ёқилғилардан воз кечиб, муқобил энергия манбаларига ўтишни ёқлаган. 27 фоиз оила камида бирор хил яшил энергия манбасидан фойдаланишини маълум қилган.

Мамлакатда муқобил энергияга ўтишни жадаллаштириш мақсадида 2021 йил январь ойидан дизель, бензин, мазут ва табиий газ ёнишидан ҳосил бўлган заҳарли газ учун 25 евро тўлов жорий этилган эди. Иқлим ўзгариши асоратларини камайтириш мақсадида қазилма ёқилғилар учун ўзига хос солиқ 2025 йилда 55 еврога қадар оширилади.

Мамлакат бўйлаб муқобил манбалар, хусусан, шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланиш учун кўп миллиардлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, 2019 йилда Рюген ороли яқинида, Болтиқ денгизи бўйида «Аркона» шамол энергияси парки очилган. Бу ерда ўрнатилган 175 метрли 60 та трубина 400 минг хўжаликни энергия билан таъминлаш қувватига эга.  Шимолий ва Болтиқ денгизларидаги бу каби генераторлар қарийб 360 кун давомида энергия бериши билан қимматлидир.

Берлин ҳукумати имтиёз ва молиявий кўмак орқали ҳам яшил энергетикани ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Қайд этиш жоизки, олмон ўлкаси муқобил энергия борасида Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридаги 4 та иссиқлик станцияларини Германиянинг муқобил энергия бўйича етакчи ширкатларидан бири – SIEMENS AG билан ҳамкорликда замон талаблари асосида янгилаш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг