Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазо болалар қабристонига айланмоқда – БМТ бош котиби

Ғазо болалар қабристонига айланмоқда – БМТ бош котиби

Исроил бомбардимонида ҳалок бўлган боласига аза тутаётган фаластинлик.

Фото: AFP

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ҳужумларига нишон бўлаётган Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урди. Халқаро ташкилот раҳбари ноинсоний оммавий жазолаш амалиётига чек қўйиш, қамалда қолган минтақа аҳолисига гуманитар кўмак етказиш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилган. 

«Биз ушбу даҳшатли, аламли, изтиробли ва охири кўринмаётган вайронкор ҳолатдан чиқиш учун ҳозироқ ҳаракат қилишимиз керак. Ғазо болалар учун қабристонга айланмоқда. Ҳар куни юзлаб ўғил-қизлар ҳалок бўлаётгани ёки жароҳатланаётганидан хабар топмоқдамиз», – дейди БМТ етакчиси. 

А.Гутерриш Исроил халқаро гуманитар ҳуқуқни очиқ бузаётганини қайд этган.

«Исроил мудофаа армиясининг қуруқлиқдаги амалиёти ва муттасил давом этаётган бомбардимонларидан тинч аҳоли вакиллари, шифохоналар, қочқинлар лагерлари, масжид, черков, БМТ объектлари, жумладан, бошпаналар зиён кўрмоқда. Ҳеч ким хатардан холи эмас», – дея Ғазода юзага келган аянчли ҳолатни тасвирлаган Гутерриш.

У ҲАМАС ҳаракати тинч аҳолидан қалқон сифатида фойланаётганини ҳам қайд этган.

Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги тизимида ишлаган 89 ходим ўлдирилган.

Ғазо аҳолисининг эҳтиёжларини қоплаш учун ҳар куни камида 500 та юк машинада гуманитар кўмак зарур бўлади. Сўнгги икки ҳафта ичида эса атиги 400 та машинада гуманитар кўмак киритилган, холос.

БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс Ғазода 10 мингдан зиёд киши ҳалок бўлгани, 25400 дан ортиқ киши жароҳатлангани, юзлаб одам вайроналар остида қолаётганини маълум қилган. БМТнинг юқори мартабали мулозими фаластинликларнинг оммавий ўлдирилиши умуминсоний қадриятларни савол остига қўяди деб ҳисоблайди.

Халқаро ташкилот ҳисоб-китобига кўра, Исроил армияси ҳужумларидан ҳар ўн дақиқада бир нафар фаластинлик бола ҳалок бўлмоқда.

ҲАМАСни буткул йўқ қилишни кўзлаган Исроил кучлари Ғазога ҳаво ва қуруқлик орқали ҳужумлар уюштирмоқда. 2,3 миллион нуфусли минтақа сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган.

Тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан ларзага тушган дунё ҳамжамияти Исроилдан халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилмоқда.

БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди Ғазо аҳолиси дўзахий шароитда қолганидан огоҳлантирди. Олий комиссарга кўра, айни пайтда Ғазода бомбадан иҳоталаниш мумкин бўлган жой йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг