Ғазо аҳолисига бомбадан ҳам даҳшатли иллат хавф соляпти
Тураржойлар ва соғлиқни сақлаш масканлари яксон қилинган Ғазо ҳудудида бомбалардан ҳам кўра кўпроқ одамлар турли хасталиклардан вафот этиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус огоҳлантирди.
ЖССТ раҳбарига кўра, айни пайтда Ғазонинг 1,3 миллион аҳолиси халқаро ташкилотларнинг муваққат бошпаналарида жон сақламоқда. Қолган бир миллион аҳоли эса тақдир ҳукмига ҳавола этилган.
Исроил ҳарбийлари ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумига жавобан 7 октябрдан 22 ноябрга қадар Ғазо секторига бомба ёғдирди. Бомбардимонлар оқибатида 15 мингга яқин тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Минглаб тураржойлар, жумладан, шифохоналар вайрон қилинди.
ЖССТ бош директорига кўра, айни пайтда Ғазода 111 минг ўткир респиратор, 75 минг диарея хасталиги, шунингдек, минглаб чечак, қўтир, гепатит каби бошқа юқумли касалликлар аниқланмоқда.
Тиббий хизмат ва тоза сув йўқлиги, дори-дармон тақчиллиги, очлик ҳамда ташналик сабаб юқумли касалликлар янада ошиши мумкин.
Исроил 22 ноябрь куни асирлар ва маҳбуслар алмашуви эвазига ҲАМАС билан муваққат оташкесимга рози бўлган. Куни кеча яҳудий давлати бош вазири Бинямин Нетаняҳу вақтинчалик сулҳ тугаши билан Ғазо секторига ҳужумлар қайта бошланишини маълум қилди.
Тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан ларзага тушган дунё ҳамжамияти Исроилдан халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилмоқда. Хусусан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урди.
Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси салкам икки ойдан буён сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум шароитда яшамоқда.
Халқаро ташкилотларга кўра, Ғазо секторидаги шифохоналар абгор аҳволда экани боис янги туғилган чақалоқлар ота-оналари ва тиббиёт ходимларининг кўз ўнгида вафот этмоқда.
ЮНИСЕФ вакили Жеймс Элдер шифохоналарда жароҳатланган ва хасталанган болалар тиббий ёрдамсиз қолаётганини даҳшатли ҳолат деб баҳолаган.
БМТ агентликлари Ғазода ҳукм сураётган гуманитар инқироз шароитида ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш инсонийлик тамойилларига зид экани, ўт очишни бутунлай тўхтатиш ва гуманитар кўмак тизимини тиклаш лозимлигини талаб қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter