Исроилга қатъий талаб қўйилди
Ғарб давлатлари Исроилдан ишғол остидаги Ғарбий соҳилда фаластинликларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилди.
«Франция, Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Финляндия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Ғарбий соҳилда экстремистик кайфиятдаги аҳоли томонидан фаластинликларга ҳужумлар мисли кўрилмаган даражада кўпайганидан чуқур хавотир изҳор қилади. Жорий йил октябрь ойи бошидан буён яҳудий турғунлари 343 дан зиёд шафқатсиз ҳужумлар уюштирган бўлиб, оқибатда 8 нафар фаластинлик тинч аҳоли вакили ўлдирилган, 83 дан зиёди жароҳатланган, 1026 дан зиёд фаластинлик ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган», – дейилади қўшма баёнотда.
Ғарб давлатларига кўра, Исроил ўз фуқароларининг фаластинликларга нисбатан зўравонлигига чек қўйиш учун тезкор чоралар кўриши керак.
«Биз экстремистик кайфиятдаги аҳоли вакиллари томонидан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини ва фаластинликлар жамоаси қўрқитилаётганини кескин қоралаймиз. Биз (Исроилнинг Ғарбий соҳилда) манзилгоҳлар қуриш сиёсати халқаро ҳуқуққа зид эканини яна бир бор таъкидлаймиз. Исроилга халқаро ҳуқуқ, хусусан, Женева конвенциясининг 49-моддаси бўйича мажбуриятларини эслатиб ўтамиз», – дейилади талабномада.
Таъкидланишича, Исроил Ғарбий соҳилни босиб олган давлат сифатида тинч аҳоли вакиллари хавфсизлигини таъминлаш ва зўравонлик ҳаракатларини содир этган фуқароларини жазолашга масъулдир.
Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.
БМТ Тель-Авивнинг ишғол сиёсатини қоралайди. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.
Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларда минглаб тинч аҳоли вакили қурбон бўлаётган бир пайтда Ғарбий соҳилда ноқонуний уйларда яшовчи яҳудийлар томонидан фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари авж олгани кузатилмоқда. Тель-Авив маъмурияти томонидан уларга қурол-аслаҳа тарқатилиши эса қонли фожиаларга сабаб бўлмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилни ноқонуний манзилгоҳларда яшовчи ўз фуқароларининг фаластинликларга нисбатан зўравонлигига қарши зарур чоралар кўрмасликда айблайди.
Вазият ўта таранг эканига қарамай, Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий соҳилда ноқонуний яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилди.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Исроил ҳукумати айни уруш авж олган пайтда ноқонуний тураржойлар қурилиши учун маблағ ажратаётгани уни ларзага солганини маълум қилган.
ЕИ, АҚШ ҳамда Буюк Британия Ғарбий соҳилдаги фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этган Исроил фуқароларига виза чеклови жорий қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter