Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Францияни қувиб ўтган, ўқитувчиларни эъзозлайдиган, нарх-наво пасайиб бораётган мамлакат

Францияни қувиб ўтган, ўқитувчиларни эъзозлайдиган, нарх-наво пасайиб бораётган мамлакат

Жаҳонда аҳолисининг сони бўйича Хитойни ортда қолдирган Ҳиндистон 1949 йилнинг 26 ноябрида қабул қилиниб, 1950 йил 26 январь куни кучга кирган Конституция билан бошқарилади.

Ҳиндистон – мамлакат ҳаётида парламент ва у тузадиган ҳукумат катта роль ўйнайдиган республика. Парламентнинг асосий вазифаси қонун қабул қилишдан иборат. Шу билан бирга бошқа вазифаларни ҳам бажаради. Халқ палатаси ҳукуматни тасдиқлайди ва ҳукумат фаолиятини назорат қилади. Мамлакат парламенти уч таркибдан – Ҳиндистон Республикаси президенти, Халқ палатаси (Вакиллар палатаси, Лок Сабха) ва Штатлар Кенгаши (Радхья Сабха)дан иборат.

Ҳиндистон энг кўп тилли мамлакат сифатида тан олинади. Бу мамлакатда аҳоли 845 тил ва лаҳжада сўзлашади.

Ҳиндистонда ўқитувчилар куни 5 сентябрга тўғри келади. Мамлакатдаги барча мураббийлар жамиятга керакликларини яна бир бор дилдан ҳис қиладилар. 5 сентябрь – 1962 йилдан 1967 йилга қадар Ҳиндистон президенти лавозимида фаолият кўрсатган доктор Сарвепалли Радхакришнаннинг таваллуд топган кун.

Маълумотларга қараганда, ҳаммаслаклари бир куни президентга мурожаат қилиб, туғилган кунини нишонлашга рози бўлишини сўраганларида, давлат раҳбари ўз ҳамкасблари бўлмиш – ўқитувчилар кунини нишонлаш кераклигини таклиф қилган. Шу-шу, 5 сентябрь Ҳиндистонда Ўқитувчилар куни байрам қилинади. Бадавлат оилада таваллуд топган Сарвепалли Радхакришнан мамлакатдаги бир қатор коллеж ва  университетларда дарс берган, Ҳиндистон олий таълимини ислоҳ қилишга бош-қош бўлган ва ўз ватандошларининг таълим олиши учун бор куч-ғайратини сарфлаган. Айни дамда ҳинд халқи Сарвепалли Радхакришнан ва у жорий қилган Ўқитувчилар кунига ҳурмат билан қарайдилар.

Халқ палатаси қуйи палата вазифасини бажаради. Халқ вакиллари бўлмиш Лок Сабха депутатлари тўғридан-тўғри халқ томонидан яширин овоз бериш йўли орқали сайланади. Конституцияга кўра, Халқ палатасининг аъзолари камида 552 нафар бўлиши керак (530 аъзо штат вакиллари, 20 нафари иттифоқ ҳудудлари ва 2 нафари инглиз-ҳинд жамоалари вакиллари бўлиб, президент томонидан тайинланади). Депутатлар штатларнинг аҳолиси сонига қараб тақсимланади. Аёллар депутатларнинг учдан бир қисмини ташкил қилиши керак.

Бугунги кунда Лок Сабха аъзолари 545 нафарни ташкил этиб, уларнинг 530 нафари умумхалқ томонидан сайланган. 13 нафари эса иттифоқ ҳудудларининг вакилидир. 2 нафари Президент томонидан тайинланган. Қуйи палатада Миллий Демократик Альянс (295 депутат), Ҳиндистон Миллий Конгресси ва унинг иттифоқчилари (132 депутат), Сўл Альянс (42 депутат) ва бошқа партияларнинг (65 депутат) вакиллари бор.

Таъкидлаш керакки, президентнинг ўзи ҳам парламент аъзоси ҳисобланади. Вакиллар палатасининг ваколати биринчи сессия иш бошлаган даврдан эътиборан беш йилдир.

Бироқ, президент бош вазир тавсиясига биноан ёки ҳукумат истеъфога чиқиши муносабати билан парламентни муддатидан аввал тарқатиб юбориши мумкин. Шу сабабли парламент ваколати – 1, 2, 3 йил деб кўрилади. Фавқулодда вазиятларда Вакиллар палатаси ваколати бир йилга узайтирилиши мумкин.

Лок Сабха парламентга ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда ҳукумат истеъфога кетади ёки президент парламентни тарқатиб юборади. Кўпинча парламент тарқатиб юборилади. Молиявий соҳадаги барча қонунлар фақат Лок Сабха томонидан қабул қилинади. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби Ҳиндистон парламентининг қуйи палатасида ҳам партияларнинг фракциялари мавжуд.

Штатлар Кенгаши – Раджья Сабха парламентнинг юқори палатаси вазифасини бажаради. Бу Кенгаш штатлар манфаатларини ҳимоя қилади ва шунинг учун ҳам штатлар томонидан шакллантирилади. Юқори палата тарқатиб юборилиши мумкин эмас. Раджья Сабханинг 245 аъзоси штатлар ва иттифоқ ҳудудлари қонун чиқарувчи идоралари томонидан 6 йил муддатга сайланади. Қолган 12 аъзоси эса (адабиёт, фан, санъат намояндалари ва жамоат ишларида фаол иштирок этган фуқаролар) президент томонидан тайинланади. Ҳар 2 йилда Штатлар Кенгаши аъзоларининг учдан бир қисми янгиланади. Натижада юқори палата аъзолари 6 йилда янгиланади.

Штатлар кенгашига вице-президент раҳбарлик қилади. Бироқ унинг ваколатлари чекланган. Штатлар кенгашида Миллий Демократик Альянс (99 аъзо), Ҳиндистон Миллий Конгресси (58 аъзо) ва бошқа партияларнинг (86 аъзо) вакиллари бор.

Ҳиндистон ҳудудларида юзлаб сиёсий партия фаолият юритади. Штат қонун чиқарувчи органларига ўтадиган сайловларда 300 га яқин сиёсий партия қатнашади. Бироқ Умумҳиндистон партияларининг сони 10 тадан ошмайди. Ҳиндистонда узоқ йиллар давомида битта партия ҳукмронлик қилган кўп партиявийлик тизими амал қилган. Аввалига Ҳиндистон Миллий Конгресси, сўнгра Индира Ганди бошчилигида ва унинг тарафдорлари партияси (1966 – 77 йй) ва (1980 – 84 йй) ҳукумат тузган. Бироқ бу анъана 1977 – 79 йилларда бузилди. Ҳиндистон Миллий Конгресси мамлакатдаги энг катта партия бўлишига қарамай, парламентда ҳукуматни шакллантира оладиган кучга эга эмас. Шу сабабли бу партия бошқа партиялар билан каолиция тузишга мажбур.

Ҳиндистондаги йирик сиёсий кучлардан бири бўлмиш, мамлакат бирлигини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётини демократлаштириш, деҳқонларнинг қарзларидан воз кечиш каби ғояларни илгари сурувчи Бҳаратия Джаната – марказий мавқени эгалловчи ўнг партия ҳисобланади.

Ҳиндистонда сиёсий партиялар фаолияти тўғрисида қонун йўқ. Сиёсий партиялар фаолияти мавжуд қонунлар билан амалга оширилади. 1985 йилда Конституцияга киритилган ўзгартишга кўра, партия аъзоси бўлмиш бир партия вакили иккинчи партияга ўтгудек бўлса, у ҳолда депутатлик мандатидан маҳрум бўлади.

Ҳиндистон – дунёда энг кўп миллатли мамлакатлардан бири. У ерда турли тилларда сўзлашувчи бир неча юз миллат, элат ва қабила яшайди. Уларнинг бошини қовуштирувчи, тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашини таъминлайдиган  амалдаги конституция 1950 йил 26 январдан кучга кирган. Шундан бери 26 январь – республика куни сифатида нишонланади. 1948 – 1960-йилларда мамлакат ҳуқуқий тизимида юз берган энг муҳим ислоҳотлар янги конституциянинг қабул қилиниши билан боғлиқ. Мамлакатнинг Асосий қонуни 1949 йил 26 ноябрда қабул қилиниб, 1950 йил 26 январдан кучга кирган. У дунёдаги энг катта конституция бўлиб, преамбула (муқаддима) ва 491 та моддани ўз ичига олган 25 бўлимдан иборат. Унда фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда кафолатларига кенг ўрин ажратилган.

Ҳуқуқ соҳасининг асосий манбаси қонунлар ва суд прецеденти ҳисобланади. Қонунчилик ва суд қарорлари конституцияга мувофиқ бўлиши шарт. Конституциявий назоратни амалга ошириш ҳуқуқи Олий судга тегишли. Мамлакатда қонун ҳужжатлари иерархияси қуйидагича: конституция, қонунлар, президент фармон (ордонанс)лари.

Осиёнинг қудратли давлатларидан бири Ҳиндистон мамлакатимиз билан тарихий муносабатларни мустаҳкамлаш ниятида. Аҳолиси сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгалловчи Ҳиндистоннинг динамик равишда ривожланаётган демократик жамият қуришга эришгани кенг миқёсда тан олинади. Ҳиндистон буларнинг барчасига бир неча асрлик хорижий мустамлакачилик асорати ортидан эришган.

Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири Жавоҳарлаъл Неру мамлакатда дастлаб давлат бошқарувига асосланган тузумни ўрнатди. Бора-бора ҳукумат хусусийлаштириш сиёсатини жиддий равишда ҳаётга татбиқ этишни бошлайди. Дунёда энг кўп пахта етиштираётган давлатлар учлигига кирувчи Ҳиндистон тез орада қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчи илғор давлатлар сафидан ҳам ўрин олади. Бунинг ортидан қўшниси ва асосий рақиби Хитой ҳамда бошқа қудратли давлатлар Ҳиндистонга қизиқиш кўрсата бошлайди. Ҳиндистон шаҳарларида кундан-кунга гуллаб-яшнаётган ўрта синф шаклланади ва улар ахборот технологияси соҳасида катта ютуқларни қўлга киритади. Ҳозирда мамлакат ўз сунъий йўлдошларини фазога учириш билан бирга Ойни забт этишни ҳам режалаштирган.

2014 йили  ҳукумат тепасига келган Бош вазир Нарендра Моди аҳоли камбағал қатламининг ҳаётини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришни ўзининг асосий вазифаси эканини эълон қилганди.

Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий тараққиётнинг ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасининг кўтарилиши нуқтаи назаридан Ҳиндистон анча тезкор илдамламоқда. Хусусан, 2017 йилнинг биринчи ярмидан мамлакатдаги нарх-наво ҳам жиддий суръатларда пасайиб борганлиги қайд этилди. Бу 2016 йилнинг ноябрида мамлакат Бош вазири Нарендра Моди томонидан амалга оширилган валюта сиёсати натижасида муомаладаги икки турдаги банкноталарнинг бекор қилингани билан боғлиқ. Ўшанда мамлакатдаги кўпгина корхона ва фирмалар фаолиятида кескин пасайиш ва ҳалокатли банкротлик ҳолатлари кузатилди. Кўпгина корхоналар мазкур реформа натижасида барбод бўлиш даражасига келиб қолганди. Аммо кўп ўтмасдан аҳвол бирданига ўнгланди ва иқтисодиётда ҳаёт қайта жонланди. Энди мамлакатда ишлаб турган корхоналар фаолиятида тўхтамасдан ўсиш кузатила бошланди. Халқаро валюта жамғармаси жорий йил молиявий кўрсаткичлари бўйича Ҳиндистон Хитойдан камида 7,4 фоизга ўзиб кетишини тахмин қилмоқда. Бунинг сабабларидан бири сифатида Ҳиндистондаги 100 миллиондан ортиқ кичик фирмаларнинг муваффақиятли ишлаб тургани айтилмоқда.

Яна бир қизиқ маълумот. 2017 йилда Ҳиндистон Францияни қувиб ўтиб, ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунё мамлакатлари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади. Соҳа экспертлари яқин ўн йилда Жанубий Осиёнинг бу мамлакати жаҳоннинг учта йирик иқтисодиётларидан бирига айланишини башорат қилаётгани ҳам бежиз эмас. Негаки охирги йилларда давлат саноатни ва илғор ахборот технологияларини кучайтириш, экспортни кенгайтириш ва глобал интеграция жараёнларида фаол қатнашиш ҳисобига жиддий силжишга қўл урди. Афсуски, ижтимоий тенгсизликнинг юқори кўрсаткичи ва малакали кадрларнинг етишмовчилиги Деҳли учун жиддий бош оғриқ бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, «ҳинд мўъжизаси» жаҳон иқтисодиёти манзарасига ўзгариш киритиб бўлди.

Одатда ҳинд иқтисодиётининг ўсиши демографик омил билан боғланади. Бугунги кунда аҳоли сони 1,4 миллиарддан ошган. Бундай вазият хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун барча шароитларни юзага келтиради. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 50 фоиздан ошиб улгурди. Айни пайтда Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг илғор экспортчисига айланди. Айниқса, Хитой бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигидан муваффақиятли тарзда фойдаланиб, Чин бозорини забт этди. Хитой тўқимачилик маҳсулотлари сезиларли қимматлашуви ортидан Ҳиндистон бутун дунёга арзон газлама маҳсулотларини етказа бошлади, яъни Хитой бозорининг ўринбосарига айланди.

Қарам мамлакатдан мустақил иқтисодий йирик давлатга айланиши қувонарли, албатта. Бу унинг глобал интеграцион жараёнларга фаол қўшилиши билан ҳам изоҳланади. Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши, шунингдек, ЕвроОсиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар билан эркин савдо зонасини ташкил этиш борасидаги музокаралари иқтисодиёти келажаги йўлидаги изланишлардан биридир. Зеро, ҳали олдинда ечилиши лозим бўлган муаммолар талайгина. ЯИМ юқори кўрсаткичларига қарамай, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот 1 минг 963 долларга тенг, Хитойда эса бу рақам 7 минг 330 долларни ташкил этади.

Халқаро муносабатларда ҳам Деҳли Жанубий Осиёнинг, сўзсиз, етакчиси. Қолаверса, унинг бошқа минтақаларда, хусусан, жануби-ғарбий ва жануби-шарқий Осиёдаги геосиёсий таъсири кучайиб бораётганини ҳам таъкидлаш ўринли. Бунга давлатнинг ўсиб бораётган ҳарбий-сиёсий имкониятлари ва ядровий давлат мақоми имкон беради.

Иқтисодиётнинг сезиларли кўтарилиши, илғор ахборот технологиялари соҳасидаги етакчилик, ядровий қурол, етакчи давлатлар билан стратегик шерикчилик ва шу каби омиллар яқин истиқболда Ҳиндистоннинг нафақат минтақадаги, балки халқаро ҳамжамиятдаги етакчилик ролини белгилаб берса ажаб эмас!

Ҳиндистон, Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари тарихан бир-бирига яқин, келажаги муштарак. «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти бу тарихий муштараклик бугун ҳам изчил давом этиши кераклигини яна бир бор тасдиқлади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон – ўзаро муносабатларини чуқурлаштириш мақсадида бир-бирига талпинаётган мамлакатлар.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари дўстона алоқаларининг тарихи ўз илдизлари билан узоқ ўтмишга бориб тақалади. Улар ҳамиша алоҳида илиқлик, бир-бирига нисбатан самимий ҳурмат ва ўзаро қизиқиш билан ажралиб турган.

 Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида деярли барча соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш имконини берадиган салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асос мавжуд.

Турли даражадаги мунтазам ташрифлар, учрашув ҳамда ўзаро фикр алмашувлар механизми самарали амал қилмоқдаки, бундай тадбирлар чоғида ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши баробарида, шерикликнинг янги йўналишлари белгилаб олинмоқда. Шу билан бирга, минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан томонлар саъй-ҳаракатларининг мувофиқлигини ҳам қайд этиш зарур.

Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг бу борадаги нуқтаи назарлари ўхшаш ёки бири-бирига мосдир. Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодиёт, савдо-сотиқ, маданий ва бошқа соҳаларда кўп қиррали ҳамкорлик учун улкан салоҳиятга эга. Салмоқли шартномавий-ҳуқуқий базанинг мавжудлиги эса узоқ муддатли асосдаги стратегик шериклик билан ифодаланадиган барча йўналишлардаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг