Франция Грецияни Туркиядан ҳимоя қилиш учун самолётларини учирмоқчи
Франция Шарқий Ўрта Ер денгизига ҳарбийларини юборади. Мамлакат Грецияни Туркиянинг тажовузкор хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш учун минтақадаги иштирокини кучайтирмоқчи, дея хабар берди «Reuters».
Гап иккита қирувчи Rafale ва Lafayette фрегати ҳақида бормоқда. Парижга яқин манбаларга кўра, бу Франция президенти Эммануэль Макроннинг қарори — у Туркиянинг дадиллигидан ташвишга тушиб қолган.
Таъкидланишича, Франция минтақада денгиз кемалари хавфсизлиги ва ҳаракат эркинлигига, шунингдек, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилинаётганига ишонч ҳосил қилмоқчи.
Июнь ойининг бошларида турк ҳукумати Кипр шельфида «давлат манфаатларини ҳимоялашга» қарор қилди: Анқара «айрим давлатларнинг адоватли ҳаракатларига қарамай» геологик қидирув ишларини давом эттирмоқчи.
Шарқий Ўрта Ер денгизи соҳиллари, бир томондан, Европа Иттифоқига аъзо Греция ва Кипр, иккинчи томондан, Туркия ўртасидаги зиддият ўчоғига айланган. Туркия бир неча бор Кипр турклари ва Кипр грекларини конларни биргаликда ўзлаштиришга чақирган. Энергия манбаларини тақсимлаш бўйича тортишувларга Миср билан Исроил ҳам қўшилган.
Қарама-қаршилик 1974 йилда Кипрда оролнинг Греция томонидан аннекция қилиниши мақсадида давлат тўнтариши содир бўлганда келиб чиққан. Ўшанда Туркия Кипрнинг шимолига қўшин юборган ва эгаллаб олган ҳудудида Кипр-турк федератив давлатини эълон қилган. Кейинчалик Шимолий Кипр турк республикаси дея қайта номлаган. Оролнинг қолган қисмини ҳозир Кипр республикаси ҳукумати назорат остига олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter