Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франция Буюк Британияга «балиқ уруши» эълон қилди

Франция Буюк Британияга «балиқ уруши» эълон қилди

Фото: «TODAYonline»

Ла-Манш бўғозида юзага келган ҳолат туфайли Париж дипломатик муносабатлар кескинлашишига-да тайёр. Чунки Буюк Британия кўпчилиги учун балиқчилик авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касб ёки ягона тирикчилик манбаи ҳисобланган француз денгизчиларига ов қилишлари учун квоталарни тасдиқлаш ва лицензиялар берилишини рад этмоқда.

Франция ҳукумати спикери Габриель Атталь мамлакат ҳукумати Буюк Британияга қарши қатор санкцияларни тайёрлаётгани ҳақида баёнот берди. Французларнинг аразини тушуниш мумкин.

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ўртасида Brexit натижасида тузилган келишувларга мувофиқ, томонлар бир-бирларининг ҳудудий сувларида балиқ овлашга тўсқинлик қилмаслиги керак, ҳисоби юритилиб, рухсат этувчи ҳужжатлар тақдим этиб борилса бас.

Маълумот учун: французлардан ташқари бельгияликлар ва голландлар ҳам балиқ тутувчи Британия ҳудудий сувларида денгиз маҳсулотлари айланмаси йилига 635 миллион еврога тенг. Британлар бирлашган Европа денгизларида тутадиган балиқ ва бошқа маҳсулотлар қиймати йилига 110 миллион еврони ташкил этади.

Brexitни расмийлаштиришда энг баҳсли ва энг кўп вақт сарфлангани балиқчилик соҳаси бўлганди. Кечаги дўстлари билан хайрлашаётган Лондон қарама-қарши соҳиллардан келган балиқчиларга тўсқинлик қилмасликка ёзма ваъда берганди. Бироқ 2021 йил оғир келди: пандемиянинг иккинчи тўлқини, энергия ташувчилар нархлари осмонга чиқиб кетди — британлар ваъдаларини бузишларига тўғри келди...

Париж оқилона иш тутишга ҳар қанча чорламасин, Лондон сукут сақлашни афзал билди, балиқ тутишга ноқонуний чиқишга мажбур бўлаётган француз балиқчиларининг ёлворишларини эшитмасликка олди.

«Балиқчиларимизга денгизларингизни очмас экансиз — энергия кўприги орқали электр етказишни тўхтатамиз», — деди дипломатик йўллар билан қўшни давлатни инсофга келтира олмаган француз денгиз вазири Анник Жирарден.

Бу баёнот қанчалик жиддийлигини тушуниш учун айрим фактларга эътибор қаратамиз. Айни пайтда Ла-Маншнинг икки соҳилини қуввати 2 минг ва 1 минг мегаваттли IFA-1 ва IFA-2 энергия кўприклари туташтириб турибди. Буларнинг биринчиси 1986 йилда, иккинчиси эса Британияда электр энергиясига талаб тинмай ошиб бораётгани ва ўз эҳтиёжларини таъминлай олмагани учун 2020 йилда қурилган. Энергокўприклар бошқаруви Франция—Буюк Британия қўшма корхонаси — «Interconnexion France-Angleterre» (IFA) измида. Кўприклардаги энергия таъминотида Франция етакчи ўрин тутади — 80 фоиз. Бу шуни англатадики, французлар токни узиб қўйган тақдирда Британиядаги ҳар ўн биринчи лампочка, йўл чироғи ёки дўкон тепасидаги чироқ ўчиб қолади.

Франция сўнгги дақиқаларгача устунлик мавқеини суиистеъмол қилмаган ҳолда шартнома мажбуриятларига амал қилиб келди. Бироқ, афтидан, уддабурон британ дипломатияси Парижни алал-оқибат «булоққа олиб бориб, сув ичирмай келган» кўринади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг