Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Филиппин президенти карантинни бузганларни отиб ташлаш билан қўрқитди

Филиппин президенти карантинни бузганларни отиб ташлаш билан қўрқитди

Фото: «Cont.ws»

Филиппин президенти Родриго Дутерте полиция ва армияга коронавирусни тарқатиб юрганлар қаршилик кўрсатса отиб ташлашни буюрди.

«Полиция ва армияга буйруғим шу — агарда муаммо пайдо бўлса, агарда улар (коронавирусга чалинганлар — таҳр.) қаршилик кўрсатиб, ҳаётингизга хавф туғилса, нишонга олиб, жойида отиб ташланг! Тушунарлими?», — деди президент Дутерте телевидение орқали халққа қилган мурожаатида.

Президент бу гап карантинга юборилиб, аммо унга риоя қилмаётганларга ҳам тааллуқли эканини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг ушбу гапларига изоҳ берди. Таъкидланишича, президент бу ерда одамларнинг эътиборини тортиш учун шундай сўзлашга мажбур бўлган. Миллий полиция раҳбари ҳам «президент муаммонинг жиддийлигини урғулаш, жамоат тартибини сақлаш муҳимлиги учун шундай йўл тутганини» айтиб, куч ишлатар тизимлар ҳеч кимга қарата ўқ узмаслигига ваъда берди.

Айни пайтга келиб, Филиппинда 2300 дан зиёд инсон коронавирус билан касалланган, шулардан 96 нафари вафот этган. Тестларнинг етишмовчилиги назарда тутилса, касаллик янада кўп бўлиши мумкин.

«Вазият ёмонлашяпти. Шунинг учун яна такрорлайман — муаммо ўта жиддий, мега қулоқ тутишингиз шарт», — деб таъкидлаган Дутерте телемурожаатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг