Фаластин қачон озод бўлади? Президент Маҳмуд Аббос муҳим баёнот билан чиқди
Босқинчи мамлакат ҳар қанча зулм-зўравонлик қилмасин, Фаластин халқи таслим бўлмайди ва адлу инсоф тамойили ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларига таяниб озодлик йўлидаги курашни давом эттиради. Бу ҳақда мазкур давлат раҳбари Маҳмуд Аббос 29 ноябрь – Фаластин халқи билан халқаро бирдамлик куни муносабати билан берган расмий баёнотда сўз боради.
«Етмиш йилдан зиёд вақт мобайнида Фаластин халқи кўплаб фожиа ва кулфатларни бошдан кечириб келаётир. Халқимиз ўз тарихи, ватани ва муқаддас ерларини ҳимоя қилгани учун қийноқ, тазйиқ ва таъқиб домида қолди, қатл этилди, қамоққа ташланди, аммо у тиз чўкмай курашни давом эттирмоқда», – дейди президент Маҳмуд Аббос.
Қайд этилишича, Фаластин Исроил билан зиддиятни ҳал этишда биринчи навбатда халқаро ҳуқуқ тамойилларига суянади. Истилодан халос бўлиш йўлида тинч тарздаги кураш ва сиёсий музокаралардан тўхтамайди.
«Осло битими имзолангандан буён ҳудудимизни босиб олган Исроил фақат ғирром усул ва тактикани қўлламоқда. Бундан ташқари, Исроил бош вазири икки давлат мавжудлигини қабул қила олмаслигини билдириб, аннексия ва босиб олинган ҳудудимизга аҳоли кўчиришни давом эттирди. У бошчилигидаги маъмурият давлатимиз пойтахти – Шарқий Қуддуснинг ўзига хослиги ва тийнатини кескин ўзгартиришга уринмоқда», – дейди Фаластин етакчиси.
Қайд этилишича, икки ўртадаги битимлар бузилиб, Фаластин шаҳарлари ташқи дунёдан иҳоталаб қўйилди. Оқибатда эса халқ азият чекди, иқтисодиёт издан чиқди, мамлакат табиий бойликлари хомталаш бўлди.
Икки ҳафта аввал АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ғарбий соҳилдаги ҳудудлар, жумладан, Шарқий Қуддуснинг Исроил томонидан эгалланиши ҳолатини «халқаро ҳуқуқга зид эмас» деб баҳолаган эди. Маҳмуд Аббос Вашингтон маъмуриятининг ушбу позициясини номақбул деб атаган ва Фаластин–Исроил зиддиятида АҚШнинг воситачилигига ишониб бўлмаслигини таъкидлаган.
«Қонунга зид мазкур баёнот юридик кучга эга эмас, айни чоқда, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда БММ ҳужжатлари, хусусан, 2016 йилда қабул қилинган 2334-рақамли резолюцияга хилофдир», – дейди М.Аббос.
Оқ уй маъмуриятининг бу борадаги баёноти халқаро ҳамжамият томонидан ҳам танқидий қабул қилинди. Фаластин етакчиси давлатлараро мунсобатлар энг аввало халқаро ҳуқуққа таяниши лозимлиги ва умум қабул қилинган меъёрлар якдил тан олиниши кераклигига урғу берди.
Маҳмуд Аббос халқаро ҳамжамиятдан қўшниларнинг босқинчилигидан ҳимоя сўраган. Таъкидланишича, дунё сиёсий харитасида мустақил Исроил давлати мавжуд бўлгани каби пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлати ҳам яшашга ҳақлидир. Ўзаро чегаралар эса 1967 йилдаги ҳолатга кўра белгиланиши керак.
«Замонавий тарихда узоқ вақтдан буён давом этаётган ҳарбий истилога барҳам бериш вақти келмадими? Фаластин халқи ҳам бошқа ўлкалар каби мустақил, суверен давлатга эга бўлишга ҳақли эмасми?» – дея дунё афкор оммасини саволга тутади М.Аббос.
Фаластин–Исроил зиддияти энг муҳокама этилаётган, аммо ҳали-ҳануз ечимини топмаётган мураккаб-мушкул масалалар сирасига киради.
БМТнинг 1977 йилдаги қарорига асосан 29 ноябрь – Фаластин халқи билан халқаро бирдамлик куни сифатида нишонланади. Мазкур ташкилот бош котиби Антониу Гутерришга кўра, зиддият ўзаро соғлом музокара, тоза эътиқод ва халқаро меъёрларга асосан ҳал этилиши керак.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter