Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европарламент депутати Ғазодаги қирғинни жим кузатиб тура олмади (видео)

Европарламент депутати Ғазодаги қирғинни жим кузатиб тура олмади (видео)

Европа парламентининг белгиялик аъзоси, лейбористлар партияси вакили Марк Ботенги Исроил томонидан Ғазода амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатларни «болаларга қарши уруш» деб атади.

Анадолу ахборот агентлиги чоп этган видеолавҳада сиёсатчи Ғазода 7700 дан зиёд маъсум бола ҳалок бўлганини кескин қоралаганини кўриш мумкин.

Нотиққа кўра, Европа Иттифоқи Фаластин масаласида иккиюзламачилик қилмоқда.

«Бундай ҳолат Украинада рўй берганида уни геноцид деб атадингиз. Энди эса кўпчилигингиз Исроилни оқламоқдасиз», – дея Тел-Авивни дастаклаётган ҳамкасбларини изза қилган Марк Ботенги.

Таъкидланишича, европалик сиёсатчилар Исроилни қўллаб-қувватлаш ва қурол-аслаҳа етказиш билан мудҳиш жиноятга шерик бўлмоқда.

Депутат Исроилни бутун Фаластин ҳалқига қарши уруш олиб бориш ва Ғазонинг икки миллиондан зиёд аҳолисини сургун қилишга уринишда айблаган.

Исроил армияси 7 октябрдан буён ҲАМАСга қарши амалга ошираётган ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 19400 дан ошиб кетди. Ғазода тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар ва аёллар ўлими ошиб бораётган паллада Европада Тел-Авивнинг ҳарбий ҳаракатларига қарши баёнотлар кўпроқ янграмоқда.

Аввалроқ Белгия бош вазири ўринбосари Петра де Саттер Исроилга қарши молиявий жазо чоралари қўллашни таклиф қилган эди.

Испания бош вазири Педро Санчес ҳам бегуноҳ аҳоли вакиллари ўлдирилишини мутлақо қабул қилиб бўлмас зўравонлик деб атаган.

Испания ижтимоий сиёсат вазири Ионе Беларра эса Ғазода амалга оширилаётган қатлиом учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Халқаро жиноий судга тортишни талаб қилган.

Сўнгги кунларда Исроилни ҳар жиҳатдан дастаклаб келган Европадаги иттифоқчилари ҳам сулҳ кераклиги ҳақида гапира бошлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг