Европада одамлар колбасадан заҳарланиб ўлмоқда
Нидерландияда уч, Германияда икки нафар фуқаро листериоз юқтирган колбаса истеъмоли оқибатида ҳаётдан кўз юмди, деб хабар берди «Рамблер».
Листериоз — оғир бактериал инфекция.
Колбаса истеъмол қилган яна бир нидерландиялик эса ҳомиладорликнинг охирги ойида фарзандидан жудо бўлди.
Нидерландиядаги бир нечта супермаркетлар ўз расталаридан Алсмердаги «Offerman» компаниясига тегишли гўшт маҳсулотларини олиб қўйишди. Гўшт бўйича бу гигант анчадан бери ҳукумат ва санитария хизматларининг диққат марказида турибди. Голландия компанияси, шунингдек, Германия ва Бельгияга ҳам колбаса етказиб берган, дейилади интернет саҳифасида.
Маҳаллий ҳукуматнинг маълум қилишича, сўнгги икки йилда Нидерландияда колбасанинг ҳар хил турларидаги бактериялар сабаб 20 та заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Мамлакат озиқ-овқат инспекцияси унинг манбаларини аниқлаш учун янги техник жараёнлардан фойдаланган.
— Айни вақтда юқтириш манбаи топилган кўринади, — дейди унинг вакили.
Маълум бўлишича, Алсмерда колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар тахминан 130 турдаги колбаса маҳсулотларини супермаркетлардан қайтариб олишган. Негаки, улар ҳам листерия юқтирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Нидерландиядаги шов-шувли колбаса масаласи Германиядаги ҳодиса билан боғлиқми-йўқми, ҳозирча маълум эмас. Гессендаги «Wilke» заводида ишлаб чиқарилган колбасаларни истеъмол қилган ўнлаб одамлар ҳам листериоз билан заҳарлангани, икки киши ҳаётдан кўз юмган маълум бўлди. «Wilke» заводи ўзининг маҳсулотини кўплаб қаҳвахона, ресторан ва супермаркетларга етказиб берган, шунингдек, бошқа давлатларга экспорт қилган. Мазкур гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи гигант завод фаолияти Германия санитария хизматлари томонидан жума куни белгиланмаган муддатга тўхтатиб қўйилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter