Еврокомиссия Венгриянинг ЕИ бюджетидаги 7,5 миллиард маблағини музлатишга қарор қилди
Еврокомиссия Венгрия учун ЕИ бюджетидаги 7,5 миллиард еврогача бўлган маблағни музлатишга қарор қилди. Қарор Европа Иттифоқи кенгаши томонидан қабул қилинади.
Аниқлик киритилишича, бундай қадам Евроиттифоқ бюджети ва молиявий манфаатларини Венгрияда қонун устуворлиги бузилишидан ҳимоя қилишни таъминлаш учун мўлжалланган.
Европа Комиссияси бирлашиш сиёсати доирасида учта операцион дастур бўйича мажбуриятларнинг 65 фоизини тўхтатиб қўйишни таклиф қилди. Кенгаш кўпчилик овоз билан қарор қабул қилиш учун бир ой муддатга эга. Истисно ҳолатларда муддат икки ойга узайтирилиши мумкин.
Маълумот учун, 16 сентябрь куни Европарламент Венгрияни энди демократик давлат деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини эълон қилди ва Еврокомиссияни шошилинч чоралар кўришга чақирди. Европарламент депутатлари Венгриянинг авторитаризм томон силжишини қоралаб, Бош вазир Виктор Орбан давлатини “сайлов автократияси” деб атади.
Июль ойида Европа Иттифоқи Венгрияни молиялаштиришдан маҳрум қилишни талаб қилган эди. Мамлакат Европа Иттифоқининг барча тавсияларини бажариши керак эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter