Эронда президентликка номзодлар аниқланди
Эрон сайлов штаб-квартираси президентлик сайловларида қатнашиш учун рухсат олган олти номзоддан иборат рўйхатни эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, номзодлар рўйхатига кириш учун 80 киши ариза берган эди.
Хабар қилинишича, мамлакатнинг собиқ ички ишлар вазири ва собиқ адлия вазири Мустафо Пурмуҳаммадий, Теҳрон мэри Алиризо Законий, вице-президент Амир-Ҳусайн Ғозизода-Ҳошимий, парламент спикери Муҳаммад-Бағир Ғолибаф, Эрон Хавфсизлик кенгаши аъзоси Саид Жалилий ва собиқ депутат Маъсуд Пезешкианга сайловларда иштирок этишга рухсат берилган.
Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажот ва парламентнинг собиқ спикери Али Ларижонийга сайловларда қатнашишига рухсат берилмади. Меҳр агентлигига кўра, улар Эрон парламенти Кузатув кенгаши томонидан текширувдан ўта олмади.
Сайловолди ташвиқоти давомида номзодлар иштирокида бешта сайловолди дебати бўлиб ўтади ва уларда президентликка даъвогарлар ўз сиёсий дастурларини тақдим этадилар. Ҳар бир баҳс уч соатдан тўрт соатгача давом этиши кўзда тутилган.
Эронда президентлик сайловлари 28 июнга белгиланган. Эслатиб ўтамиз, муддатидан олдин ўтказиладиган сайлов президент Иброҳим Раисий вафотидан кейин амалга оширилмоқда. 19 май санасида Раисий учаётган вертолёт Эроннинг Тавил қишлоғи яқинида, Озарбайжон билан чегарадан 30 км узоқликда қулаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter