Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон: «Халқаро ҳамжамият Фаластин олдидаги қарзини бир йўл билан тўлаши мумкин»

Эрдўғон: «Халқаро ҳамжамият Фаластин олдидаги қарзини бир йўл билан тўлаши мумкин»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 1 март куни бошланган Анталия дипломатик форумида халқаро сиёсат юзасидан муҳим баёнотлар берди. Аввал хабар берганимиздек, сиёсатчи Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатишга уринишлар нима учун муваффақиятсизликка учраганига ойдинлик киритган.

Эрдўғон ўз чиқиши давомида форум қатнашчилари эътиборини Ғазодаги вазиятга қаратган ва уни шунчаки уруш эмас, балки геноцид эканини урғулаган. Қуйида Туркия етакчиси нутқидан айрим иқтибослар келтирилмоқда:

«Исроилнинг тинч аҳоли пунктларини нишонга олган ҳолда уюштирилган ҳужумлари натижасида аксари болалар ва аёллардан иборат 30 минг ғазолик шаҳид бўлди, 70 мингдан ортиқ фаластинлик тан жароҳати олди, 2 миллионга яқин одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Шу ерда бир нарсани аниқ таъкидламоқчиман, Ғазода нафақат болалар, аёллар ва тинч аҳоли ваҳшийларча ўлдирилди, балки миллиардлаб одамларнинг халқаро тузумга, адолатга ва қонунга бўлган ишончи ҳам йўқ қилинди».

«Исроилга келганда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, вазифаси глобал тинчликни таъминлаш бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Европа Иттифоқининг доимий ҳуқуқ ва қонунлар ҳақида гапирадиган институтлари, холислик ҳақида гапирадиган халқаро оммавий ахборот воситалари, бир сўз билан айтганда, йиллар давомида бизга ўрнак сифатида кўрсатилган ва биз ишонишимиз ва ҳурмат қилишимиз кераклиги айтилган тузилмаларнинг нақадар чорасиз ва ишга ярамаслигини ҳаммамиз биргаликда кўрдик».

«Ғазода содир бўлаётган воқеалар, албатта, уруш эмас, геноцид уринишидир. Чунки урушда ҳам амал қилиш керак бўлган ахлоқ, одоб ва қонун бор. Онасининг бағридаги гўдакларни очлик ва ташналикка маҳкум этганлар ҳақида, шифохоналар, черковлар, масжидлар, мактаблар, университетлар, қочқинлар лагерлари ва тез ёрдам машиналарини бомбалаганлар, худди кечагидек озиқ-овқат ёрдами олиш учун навбатда турган тинч аҳолини хиёнат ва номуссизлик билан нишонга олган ваҳшийликлар ҳақида гапиряпман».

«Ўз оиласи билан хавфсиз жой қидираётганда машинаси Исроил ҳарбийлари томонидан бомбаланган ва бутун оиласидан айрилган 6 ёшли Ҳинд Ражабнинг фожиали ҳикояси аслида Ғазода ҳалок бўлган 15 мингга яқин бегуноҳ боланинг ҳикоясидир. Инсоният 12 кун давомида «Мени олиб кетишга келасизми, қўрқяпман!» деган 6 ёшли қизчанинг ҳаётини сақлаб қола олмади. Афсуски, биз Ҳинд ва бошқа ғазолик болалар олдидаги масъулиятимизни тўлиқ бажара олмадик».

«Ҳужумларнинг илк кунидан бери Туркия сифатида қилган саъй-ҳаракатларимиз, минтақага 37 минг тоннагача гуманитар ёрдам жўнатганимиз, глобал миқёсда амалга оширган барча дипломатик алоқаларимиз ва 900 дан ортиқ ғазолик беморлар, жумладан, уларнинг ҳамроҳларини мамлакатимизга олиб келганимизга қарамай, биз ҳали ҳам қалбимизда бундай шармандаликни қабул қилолмаяпмиз».

«Халқаро суднинг Исроилни геноцид қилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги қарори очиқ-ойдин бўлса-да, (Бинямин) Нетаняҳу маъмурияти ўзининг ишғол, қирғинбарот сиёсатини кечагидек бепарволик билан давом эттира олмоқда. Биринчи кундан бери Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаган Ғарб давлатлари «Сен яхшисан, сендан ит яхши» деган иккиюзламачи сиёсати билан қон тўкилишига шерик бўлмоқда».

«Халқаро ҳамжамият Фаластин халқи олдидаги қарзини фақат Фаластин давлати барпо этилиши билан тўлаши мумкин. Бунинг учун 1967 йил чегаралари асосида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил, суверен ва географик жиҳатдан интеграциялашган Фаластин давлатини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Туркия масъулиятни, жумладан, кафилликни ҳам ўз зиммасига олишга тайёр эканини билдирдик».

«Урушлар аввалгидан-да қонли ва вайронкор бўлиб бормоқда. Афсуски, мустамлакачилик янги усулларда давом этмоқда. Биз фаровонлик, тинчлик, осойишталик ва эркинлик асри бўлади деб умид қилганимиз XXI аср инқироз асрига айланмоқда».

«Барча «қоидаларга асосланган» деб таърифлайдиган халқаро тартиб ўз мазмун-моҳиятини йўқотиб, шунчаки чиройли шиорга айланмоқда. Бирдамлик, адолат ва ишонч каби бирламчи қадриятлардан мосуво ҳозирги халқаро тизим энг минимал вазифаларни ҳам адо этишга қодир эмас. Халқаро тузилма ва ташкилотлар, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгаши хунрезлик, кўз ёшлар ва вайронагарчиликларни тўхтатиш учун керакли чоралар кўра олмади».

Президент Эрдўғон Анталия форумидаги аввалги чиқишида ҳам курраи заминдаги адолатсизликлар, уруш ва зиддиятларни бартараф этиш учун янги халқаро тартиб лозимлигини айтган эди.

Мазкур нуфузли дипломатик машваратда Ўзбекистон ТИВ ҳам қатнашиб келади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг