Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Туркия олдида турган энг муҳим вазифани очиқлади

Эрдўғон Туркия олдида турган энг муҳим вазифани очиқлади

Жумҳуриятни абадий асраш Туркиянинг энг муҳим вазифасидир. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия Республикаси ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан йўллаган мурожаатида таъкидлаган.

Мурожаатда Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк, янги давлатни барпо этишда жонбозлик кўрсатган қаҳрамонлар, ватан тупроғини ўз қони билан суғорган шаҳидлар ва ғозийлар эҳтиром билан ёдга олинган.

«Бугун 100 ёшини буюк жўшқинлик билан нишонлаётганимиз Туркия Республикаси бизнинг бу заминда бунёд этган сўнгги давлатимиздир. Миллатимизнинг мозийдан келажаккача чўзилган йўли Салжуқийлардан Усмонийларгача, улардан Туркия Республикасига қадар етиб келгандир. Туркия Республикаси президентининг байроғидаги 16 юлдузда 2200 йиллик давлатчилик анъаналаримиз тўла-тўкис ўз ифодасини топган», – дейди Эрдўғон.

Қайд этилишича, мамлакатда кейинги чорак асрда демократиядан иқтисодиётга, хавфсизликдан адолатга, таълимдан соғлиқни сақлашга, деҳқончиликдан ташқи сиёсатга қадар – ҳар соҳада тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.

«Президентлик бошқарув тизими билан Ғозий Мустафо Камол «Миллий курашнинг мақсад ва ғояси – миллатнинг том истиқлолини ва сўзсиз мустақиллигини таъминлаш ва давом эттиришдир» дея ўртага қўйган идеални қарийб бир асрдан кейин бўлса-да, воқеликка айлантирдик. Давлат ва миллат орасига урилган деворларни олиб ташлаб, халқ билан жумҳуриятни қовуштирдик», – дейилади мурожаатда.

Сиёсий етакчи келгуси юзйилликни жаҳон миқёсида Туркия асрига айлантириш учун халқ ва давлат бор кучини ишга солишини урғулаган.

Маълумот ўрнида, 1923 йилнинг  29 октябрь куни Туркия Республикаси (Türkiye Cumhuriyeti) ташкил топгани эълон қилинган. Истиқлол курашига бошчилик қилган Мустафо Камол Отатурк мамлакатнинг илк президенти этиб сайланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 100 йиллик сана муносабати билан ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғонга табрик йўллади.

Аввал хабар берганимиздек, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар турк халқи бир аср аввал истиқлол учун курашда туркистонликлар кўрсатган кўмакни ҳамиша ёдда сақлашини қайд этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг