Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон туркий халқлар бошига тушган фожиани ёдга олди

Эрдўғон туркий халқлар бошига тушган фожиани ёдга олди

18 май куни собиқ Иттифоқ раҳбарияти буйруғи билан қрим татарларининг ватанидан оммавий сургун қилинганига 80 йил тўлди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ушбу фожиани эсга олди.

«Қардошларимиз қрим татарларини она ватанидан жудо қилган, улар бошига улкан мусибат солган, ҳалигача қалбимизда оғриқ уйғотаётган ўша қайғули ҳодисани маҳзун ҳолда ёдга оламан», – деб ёзди Туркия раҳбари ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида. 

Аллоҳдан сургун пайти ҳалок бўлганларни ўз раҳматига олишини сўраган сиёсатчи расмий Анқара ҳар қандай вазиятда ҳам қрим татарлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъкидлаган.

«Туркия ҳар қандай вазиятда ҳам қрим татарлари – айни пайтда Қримда яшаётганлар ва ишғолдан кейин минтақани тарк этишга мажбур бўлганлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аҳдида собитдир», – дейди Эрдўғон.

Шўро доҳийси Иосиф Сталиннинг фармони билан 1944 йил 18 май тунида 250 мингдан зиёд қрим татарлари ватанидан бадарға қилинган эди. Очлик, ташналик, турли хасталиклар ҳамда она юрт фироқи сабаб уларнинг ярми йўлда вафот этган.

Инсоният тарихидаги энг мудҳиш амалиётларидан бири саналган операция ўша йилнинг июнида якунланган. Туркий қавмнинг кўплаб мусибатларга дуч бўлган вакиллари – қрим татарлари асосан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан қўним топган. Шўро давлати қрим татарлари яриморолни тарк этгач, уларнинг тарихий хотирасини ўчиришга зўр бериб ҳаракат қилган.

1989 йилнинг ноябрида СССР Олий совети қрим татарларининг сургун этилишини жиноят деб тан олган.

2015 йили Украина Олий радаси ушбу тарихий фожиани расман геноцид дея эълон қилган.

Қрим татарларининг ҳозирги етакчиси, сургун даврини Ўзбекистонда ўтказган Мустафо Жамилов бир неча марта тинчлик йўналишида Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг