Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Сурияда аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилди

Эрдўғон Сурияда аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия шимолида қуруқликдаги аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.

Туркия давлат раҳбари Истанбулдаги олти кишининг ҳаётига зомин бўлган терактга, шунингдек, Сурия ҳудудидан мамлакатнинг чегарадош ҳудудларини ўққа тутиб, икки тинч фуқаронинг ўлимига сабаб бўлганига эътибор қаратди.

Эрдўғоннинг таъкидлашича, тергов давомида Туркиядаги теракт ташкилотчилари Сурия ҳудудида фаолият юритган террорчилар эканлиги аниқланган.

Туркия давлат раҳбари сўнгги йилларда чегарадош Ҳатай, Газиантеп, Килис, Шанлыурфа ва Ширнак вилоят ҳудудлари 764 марта ракета ва миномётлардан ўққа тутилганини, бунинг натижасида 32 нафар Туркия фуқароси ҳалок бўлгани, яна 261 нафари яраланганини эслатди.

«Туркия ҳудудида террорчилик фаолиятини амалга ошириш имкониятларининг заифлашиши фонида ПКК жангарилари мамлакатимизнинг чегарадош аҳоли пунктларини ўққа тутмоқда. Агар 2015 йилда террорчилар Туркияда 26 та теракт уюштирган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич 2-3 тага камайди», – дейди Эрдўғон.

Туркия раҳбари мамлакат учун энг муносиб вақтда қуруқликда аксилтеррор операциясини бошлаганини таъкидлади.

«Ҳаво кучлари, артиллерия ва зарба берувчи учувчисиз самолётлар иштирокидаги аксилтеррор операциялари бошланди. Бу фақат бошланиши!», – деди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг