Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Отатуркка хитоб қилди

Эрдўғон Отатуркка хитоб қилди

Туркияда 30 август – Зафар куни байрам қилинмоқда.

Анъанага кўра, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк мангу қўним топган Аниткабир мақбарасига ташриф буюрди. Эрдўғонга парламент раиси Нўъмон Куртулмуш бошчилигидаги давлат ва жамоат арбоблари ҳамроҳлик қилди.

«Азиз Отатурк, сиз турк миллатининг ҳурлик ва мустақиллик ғоясига ўрнатилган умрбоқий ёдгорлик деб атаган Зафар байрамининг 101 йиллигини ифтихор ила нишонламоқдамиз. Шонли тарихимизнинг бурилиш нуқталаридан бири бўлган ушбу кунда биз сизнинг сиймонгизни, қуролдош дўстларингизни, Буюк Миллат Мажлисининг ардоқли аъзолари ва азиз шаҳидларимизни эҳтиром ила хотирлаймиз. Замонавий тамаддунларни ҳам ортда қолдиришдек юксак маррани кўзлаган, «Туркия асри» деб аталган маслагимизни давлат ҳамда халқ бир тану бир жон бўлган ҳолда, азму шижоат билан рўёбга чиқарамиз», – деб хитоб қилган Туркия раҳбари.  

30 август санаси замонавий Туркия тарихидаги муҳим тарихий ҳодиса муносабати билан жорий этилган.

Биринчи жаҳон урушидан кейин Ғарб империялари Усмонийлар давлатини парчалаб ташлашга қарор қилади.

1919 йили Антанта давлатлари қўшини Онадўлига киритилади.

Француз ҳарбийлари Туркия жануби, Адана атрофини босиб олади. Инглизлар Урфа (Шонлиурфа), Мараш (Қаҳрамонмараш), Самсун, Амасия ҳудудларини эгаллайди.

Итальянлар эса Ўртаер денгизи соҳилидаги ҳудудларга кўз тикади. 

1919 йилнинг 15 майида Антантанинг рухсати билан юнон армияси Измирга бостириб киради.

Шу тариқа турк давлатчилиги муқаррар хавф остида қолади.

Мустафо Камол Отатурк бошчилигидаги миллий озодлик ҳаракати давлат ва миллатни сақлаб қолиш учун курашга киришади.

Омонсиз жанглардан кейин 1922 йилнинг 30 августида Отатурк қўшини Думлупинар шаҳри яқинида юнон қўшинини тор-мор этади.

Мамлакат тарихини ўзгартирган ушбу ғалабадан руҳланган озодлик ҳаракати намояндалари пировардида мустақил Туркия пойдеворини қўяди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг