Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон глобал бошқарув тизимини ислоҳ қилишга чақирди

Эрдўғон глобал бошқарув тизимини ислоҳ қилишга чақирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида глобал бошқарув архитектурасини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар берди.

Сиёсатчи, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгаши фаолиятини танқид қилди.

«Хавфсизлик кенгаши эндиликда халқаро хавфсизлик кафолати бўла олмаётир. Аксинча, у беш давлатнинг сиёсий низоми тўқнашадиган жанг майдонига айланиб қолди», – деган Эрдўғон.

Ушбу нуфузли тузилма халқаро сиёсий инқирозларнинг олдини олиш, айниқса, Украина босқини масаласида сусткашлик қилмоқда.

Кенгашнинг беш доимий аъзоси (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия) кўпинча бир-бири таклиф этаётган резолюцияларга вето қўяётгани сабабли халқаро ташаббуслар амалга ошмай қолмоқда.

«Биз бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка масъул саналган БМТ тизимидаги бошқарув институтларини зудлик билан қайта ташкил этишимиз керак. Жаҳондаги барча миллат, эътиқод ва маданият вакилларини тамсил этадиган янги глобал бошқарув архитектурасини барпо этмоғимиз лозим», – деб таъкидлаган Туркия етакчиси.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги чиқишида Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш заруратига тўхталган. Оқ уй соҳиби Кенгашнинг доимий ва муваққат аъзолари сонини оширишни таклиф қилган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташкил этилган бошқарув тузилмалари ҳозирги реалликни акс эттирмаслиги, бинобарин, улар фаолиятини танқидий асосда кўриб чиқиш лозимлигини айтган.

Туркия президенти аввалги чиқишларида ҳам БМТнинг замонавий форматини қониқарсиз деб баҳолаган.

Эрдўғонга кўра, «Дунё бешдан каттароқдир!» Яъни халқаро муаммоларни ҳал этиш фақатгина БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ваколатида бўлиши номақбул ҳолатдир. Қолаверса, 8 миллиард нуфусли Ер сайёраси аҳолисининг тақдири беш давлат ҳукмига боғлиқ бўлиб қолиши тўғри эмас.

Эрдўғон 2021 йилда чоп этилган «Дунё адолатлироқ бўлмоғи мумкин» (Daha Adil Dünya Mümkün) деб номланган китобида ҳам БМТ курраи арздаги жиддий муаммоларни ҳал этишга ожизлик қилаётганига эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йили БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Хавфсизлик кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарурлиги ҳақида гапирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг