Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон: «Ғазода на сув бор, на нон! Инсон ҳуқуқлари қаерда қолди?!»

Эрдўғон: «Ғазода на сув бор, на нон! Инсон ҳуқуқлари қаерда қолди?!»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШнинг Фаластин–Исроил зиддиятида тутган позициясини танқид қилди. Сиёсатчи Туркия ёшлар жамғармаси (TÜGVA) йиғилишида дунё эътиборидаги муаммога эътибор қаратган.

«Америка каби давлатга нима кўпроқ ярашади: тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилишми ёки оловга мой сепишми?” – дея савол қўйган у.

Исроил ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан қамал остидаги Ғазо минтақасига бомба ёғдиришда давом этмоқда.

«Ғазода на сув, на нон ва на бошқа егулик бор. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига зид-ку! Ғарб қаерда қолди? Улар қандай чора кўришяпти ўзи?» – деган Туркия раҳбари.

Сиёсатчига кўра, ҳатто жангларда ҳам уруш қонунларига риоя этилиши керак, аммо Исроил Ғазога ҳужумда бирор қонун-қоидага амал қилмаётир.

«Ғазонинг 2 миллион аҳолиси электр, сув, озиқ-овқат ва ёнилғидан маҳрум этилгани инсонийликка ҳам, уруш қонунларига ҳам тўғри келмайди. Ғазодаги қирғинни бирор асосда оқлаб бўлмайди», – деган Эрдўғон.

Туркия раҳбари дунё ҳамжамиятини гуманитар инқирозга юз тутган Ғазо тақдирига бефарқ бўлмасликка, Исроилни эса гуруҳ эмас, балки давлат каби ҳаракат қилишга чақирган.

«Зиддият бутун минтақамизга ёйилишини истамаймиз. Биз минтақада ўз овози ва таъсирига эга барчани кимнидир кўр-кўрона қўллаб-қувватлаш ўрнига кескинликни камайтиришга чорлаймиз», – деган у.

Қайд этилишича, Туркия Фаластин–Исроил зиддиятида адолат ва ҳалолликка таянади.

Эрдўғон аввалроқ ушбу можарони ҳал қилишда воситачиликни таклиф этган эди.

Сиёсий етакчи Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш шарти сифатида 1967 йилги чегаралар доирасида мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш лозимлигини таъкидлаган.

Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазога бомба ёғдиришда давом этмоқда. Ҳар икки томондан ҳалок бўлганлар сони ошиб бормоқда.

Жаҳон матбуоти Ғазодаги барча шифохоналар тўлиб кетгани, ўликхоналарда ҳам жой қолмагани ҳақида ёзган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг