Эрдўғон Ғарб давлатлари Исроилни танқид қила олмаётгани сабабини тушунтирди
Айрим Ғарб давлатлари ўтмишдаги Ҳолокост ҳодисаси сабаб ўзини яҳудий давлати қаршисида қарздор ҳис қилмоқда ва шу боис ҳам Исроилнинг Ғазодаги халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларига қарши гапиришга ботина олмаяпти. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц билан қўшма матбуот анжуманида гапирди.
«Қачонгача юз бераётган ҳодисаларни кўра-била туриб сукут сақлаймиз? Агар қўлларимиз кишанбанд, тилларимиз боғлиқ бўлиб қолар экан, тарихга бунинг жавобини қандай берамиз?! Исроил – Фаластин зиддиятини қарздорлик психологияси нуқтаи назаридан баҳолаш тўғри эмас. Мен эркин сўзламоқдаман. Чунки бизнинг Исроилдан тили қисиқ жойимиз йўқ. Агар қарзимиз бўлганида бу қадар эркин гапира олмасдик. Зотан, (Исроилдан) қарздорлар эркин гапира олмаётир», – деган Эрдўғон.
Туркия раҳбари Исроил кучлари Ғазода минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакилларини ўлдиргани, шифохона, масжид ва черковларга ҳужум уюштираётганини таассуф билан қайд этган.
«Ҳозирга қадар 13 минг фаластинлик болалар, аёллар ва кексалар ўлдирилди. Ғазо деган жойдан асар ҳам қолмади», – деди сиёсатчи.
Маълумки, Исроил Ғазодаги амалиётни ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан амалга оширмоқда. Эрдўғон зиддиятнинг бошланғич нуқтаси сифатида ҲАМАСнинг ҳужумини кўрсатиш хато эканини қайд этар экан, юзага келган вазият Исроилнинг кўп йиллик оккупация сиёсати маҳсули эканига ишора қилган.
Бир муддат аввал Исроилнинг Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияҳу Ғазо секторига атом бомбасини ташлаш таклифи билан чиққан эди.
Исроил ядро қуролига эга эканини очиқ тан олмайди, буни инкор ҳам этмайди. Яҳудий давлати ўнлаб, балки юзлаб ядро каллакларига эга экани айтилади.
Эрдўғон Берлиндаги матбуот анжуманида Исроилнинг ядро қуроли масаласига ҳам тўхталган.
«Ҳозир Исроилнинг ядро қуроли борми? Бор. Аммо буни Исроилнинг ўзидан сўрасангиз, тан олмайди. Чунки улар алдашда устаси фаранг бўлиб кетган», – дейди сиёсий етакчи.
Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва 2,3 миллион аҳолига гуманитар кўмак етказиш муҳимлигини таъкидлаган Эрдўғон бу борада Германия раҳбариятини биргаликда ҳаракатга чорлаган.
Аввалроқ Туркия президенти Фаластинда ҳарбий жиноятлар содир этаётган Исроилни жазолашга ҳаракат қилиши ҳақида гапирган эди.
Расмий Анқара, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти шафелигида Ғазони тиклаш бўйича жамғарма тузишни таклиф этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter