Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эр-хотин эрта пенсияга чиқиш йўлини топиб, миллионерга айланди

Эр-хотин эрта пенсияга чиқиш йўлини топиб, миллионерга айланди

Фото: «Daily Mail»

Американинг Калифорния штати, Сан-Франциско шаҳрида эр-хотин муддатидан аввал пенсияга чиқишга қарор қилди ва икки миллион доллардан ортиқ пул ишлаб олди. Бу ҳақда «Daily Mail»га таяниб «Лента» хабар беради.

39 ёшли Амон Браунинг ва 41 ёшли Кристинанинг икки нафар фарзанди бор. Улар тўғри сармоя, оқилона харажат ва таксичилик шарофати билан мўмайгина пул ишлаб олганини маълум қилишди. Амон асосий иши бўлган шаҳар лойиҳаловчилигидан йилига 98 минг доллар, турмуш ўртоғи эса федерал прокурор лавозимида 70 минг доллар ишлаб топарди.

Амон 2011 йилда ўн йиллик иш стажи учун мукофот олганида белгиланган муддатдан олдин пенсияга чиқиш маъқуллигини тушуниб етди. Ўша маросимда 40 йил меҳнат қилган бошқа бир эркакни ҳам тақдирлашди.

— Бу туб бурилиш онлари эди. Шунда мен одам узоқ йиллар меҳнат қилиб, пенсияга чиқаётганида қўлига бор-йўғи бир парча қоғозни тутқазишларини тушуниб етдим, — деб эслайди америкалик. — Мен ҳаётдан кўпроқ нарсаларни хоҳлайман.

У 40 ёшида пенсияга чиқишга қарор қилди ва ўз фикрини Кристина билан ҳам ўртоқлашди. Хотин эрининг ташаббусини қўллаб-қувватлади. Эр-хотин ўн йиллик режани ишлаб чиқишди. Унга кўра, 2021 йилга бориб улар молиявий жиҳатдан мустақил бўлиб олишлари керак эди. Эр-хотин 2013 йилда ишга киришди.

Оила «Financial Independence Retire Early» (FIRE) ижтимоий ҳаракатига қўшилишди.

— Ташкилот тўғри сармоя ажратиш, пул ишлаб топиш ва жамғаришда йўл кўрсатиб турди, — дея таъкидлайди Кристина. — Фақат бунинг ҳақиқат эканига ўзинг ишонишинг керак. Дастлаб дунёқарашингни ўзгартиришинг зарур.

Эр-хотин таъмирталаб уйларни сотиб олиб, чиройли ҳолатга келтиришарди, кейин устига озгина нарх қўйиб сотишарди.

— Шу тариқа биз учта кўчмас мулк объектини таъмирдан чиқариб, сотдик, — дейди Амон. Шу йўл билан улар қарийб 400 минг доллар ишлаб топишди.

Сўнгра эр-хотин «Uber» ва «Lyft» компанияларида киракашлик қилишди.

— Вақт ўтиши билан бу пул ишлаб топиш бўйича ўзига хос лайфхакка айланди. Тегишли ташкилотлар шунчаки дастурни очиб қўйганимиз учун соатига 40 доллардан пул тўлашди, — деб тан олади эр. — Биз мижозларга хизмат кўрсатмасак ҳам бўларди, лекин бонус қўшилиши керак эди. Менимча, тахминан 26 минг долларни шу тариқа ишлаб топдик.

Бундан ташқари, Браунинглар янги «BMW» йўлтанламасини минивенга алмаштиришди: уни бор-йўғи 800 долларга харид қилишди. Оила мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилишни давом эттиришди: барча харажатларни олдиндан ўйлаб кўриб, тежаш йўлларини ахтаришди. Натижада эр-хотин ўзларига керакли маблағни тўплашди ва режалаштирганларидан ҳам икки йил олдин — 2019 йил июлда пенсияга чиқишди.

Ҳозир бу оила Португалияда истиқомат қилмоқда. Уларнинг ойлик харажати тахминан 4,5 минг долларни ташкил этади. Фарзандлари билан бирга португал тилини ўрганишмоқда, Европа бўйлаб саёҳат қилишмоқда ва спорт билан шуғулланишмоқда. Шунингдек, улар «YouTube»да «Our Rich Journey» каналини юритишмоқда: у ерда пенсияга эрта чиқиш ҳақида сўз кетади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг