Елизавета ІІ нинг бойликлари кимга қолади?
Елизавета ІІ вафот этганидан сўнг, ундан 70 йилдан зиёд монархлик даврида тўпланган 500 миллион долларликдан зиёд шахсий бойлик қолди. Хўш, энди ким унга эгалик қилади?
Американинг CBC News телеканали хабар беришича, шахсий бойликнинг катта қисми марҳум қироличанинг ўғли — қирол Карл III га ўтади.
Forbes маълумотига кўра, қиролича сармоя киритиш, санъат асарлари, заргарлик буюмлари жамғариш ва шахсий мулк ортидан даромад тўплаган. Бундан ташқари, 2002 йилда Елизавета II га она қироличанинг вафотидан сўнг тахминан $70 млн қийматидаги тасвирий санъат асарлари, маркалар ва чиннилар тўпламлари, қимматбаҳо тақинчоқлар, зотдор отлар ва ҳоказолар мерос қолган.
Елизавета II оламдан ўтган Шотландиядаги Балморал қасри ҳамда Англиядаги Сандринҳэм уйи ҳам унинг шахсий мулклари эди.
Журналистлар тўплаган маълумотларга кўра, юқорида саналган бойликларнинг аксарияти қирол Чарлз (Карл III) ихтиёрига ўтади. Қолаверса, қонундаги махсус банд билан қиролича мулкка ворислик бўйича солиқни тўлашдан буткул озод этилганди. Энди бу имтиёздан Карл III фойдаланади: онасининг мулки ўзига ўтганда 40 фоизлик солиқ тўламайди, тахминан $200 млн ёнида қолади.
Машҳур Букингем қасри бундан буён янги монарх измида. Бироқ бу унинг шахсий мулки эмас, яъни ишончли бошқарувда. Шу сабабли уни кўчмас мулк сифатида сотиш мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, қироличаси Елизвета II 8 сентябр куни 96 ёшида оламдан ўтганди. 10 сентябр куни шаҳзода Чарлз расман Буюк Британиянинг янги қироли — Карл III дея эълон қилинди. Чарлзнинг Уэлс шаҳзодаси мақоми унинг ўғли Уилямга ўтди — у энди Бирлашган Қироллик тахтига ўтириш учун «биринчи рақамли» валиаҳд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter