ЕИ Украинага 2023 йилда 18 миллиард евро кўмак кўрсатади

Урсула фон дер Ляйен.
Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлаш учун 2023 йилда 18 миллиард евро ажратади. Бу ҳақда Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 25 октябрь куни Берлин шаҳрида бўлиб ўтган Украинани тиклашга доир халқаро анжуманда гапирди.
Еврокомиссия етакчиси Россия босқинига учраган Украинада уйлар, мактаблар, йўл ва кўприклар ҳамда бошқа ижтимоий объектлар яксон этилаётганини афсус ила қайд этди.
Халқаро молия тузилмалари ҳисоб-китобига кўра, Киев ҳукумати ўқитувчилар, шифокорлар, ҳарбийларга мунтазам маош тўлаши, пенсионерларга нафақа вақтида берилиши учун ойига 3-5 миллиард евро маблағ зарур.
Урсула фон дер Ляйен ўз нутқида ЕИга аъзо мамлакатлар билан Украинага ҳар ой 1,5 миллиард евро миқдорида кўмак кўрсатиш борасида музокара олиб борилаётгани, шу тариқа 2023 йилда жами 18 миллиард евро ёрдам ажратилишини қайд этди.
«Европа Украинани (урушнинг) биринчи кунидан қўллаб-қувватламоқда. Албатта, бизнинг йўқотишларимиз украиналиклар ҳар куни дучор бўлаётган қурбонлар олдида ҳеч нарса эмас. Аммо биз улар билан елкама-елка туришда собитмиз. Биз Россияга қарши ўта қаттиқ санкцияларни жорий этдик. Умуман, Европа Иттифоқи, унинг аъзолари ҳамда Европа молия тузилмалари Украинага 19 миллиард евродан кўпроқ кўмак кўрсатди. Қайд этиш жоизки, ҳарбий кўмак бу ҳисобга кирмайди», – деди Еврокомиссия президенти.
Жаҳон банки Украина уруш оқибатида ҳозиргача кўрган зарарни 350 миллиард евро деб баҳоламоқда. Урсула фон дер Ляйен бунчалик катта талафотни ёлғиз ҳолда қоплаш имконсиз эканини таъкидлаб, «Катта еттилик» ҳамда бошқа ҳамкор давлатларни ҳам Украинага ёрдам қўли чўзишга ундади.
Тадбир мезбони – Германия канцлери Олаф Шольц (Olaf Scholz) ҳам мазлум мамлакатни қайта тиклаш учун янги Маршалл режаси ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил сентябрь ойида ЕИ кенгаши Украинага 5 миллиард евро молиявий кўмак ажратишга қарор қилган. Бу – 9 миллиард евролик кўмакнинг бир қисми ҳисобланади.
Жорий йил август ойида эса Брюссель Киевга 1 миллиард евро миқдорида макромолиявий кўмак кўрсатган.
15 сентябрь куни Киевга ташриф буюрган Урсула фон дер Ляйен Украинага қанча зарур бўлса, шунча вақт кўмак кўрсатилишини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter