ЕИ бош дипломати санкцияларни четлаб ўтиш юзасидан тушунтириш берди
Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар борасида ҳақиқий ҳаёт қанчалик мураккаблигини яхши билиш ва шу асосда ечим излашга ҳаракат қилиш керак. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатлари юзасидан берган тушунтиришда сўз боради.
«Биз санкциялар деганда, чекловчи чораларни кўзда тутамиз. Тўғри юридик атама ана шу. Улар Россиянинг Украинага қарши урушини тугатиш учун босим ўтказиш стратегиямиз ядросини ташкил этади. Европа Иттифоқининг чоралари экстратерриториал таъсирга эга эмас, яъни улар фақат Европа субъектларига тегишли. Аммо биз баъзида улар четлаб ўтилаётгани ва самарадорлиги пасайтирилаётганини кўрмоқдамиз. Cавол туғилади: бундай вазиятда қандай йўл тутишимиз керак? Бу саволга жавобни чегараларимиз ичидан топиш мумкин», – деб ёзади ЕИ бош дипломати.
Қайд этилишича, ЕИ Россиянинг энергия манбаларини сотиб олишни хоҳламайди, чунки бу маблағлар Украина урушини молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин. Шунингдек, Брюссель Россияга уруш учун зарур бўлган технологик маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар сотишга ҳам қарши. Булар ЕИнинг иқтисодий субъектлари учун мажбурий бўлган қарорлардир. Бошқа давлатларнинг чеклов чораларини четлаб ўтишга ҳаракат қилиши эса ҳассос масала.
«Умуман, бизнинг чеклов чораларимиз самара бермоқда. Масалан, биз нефть ва газни тўғридан-тўғри Россиядан сотиб олишни деярли тўхтатдик ва энергия қарамлигидан халос бўлдик. Россияга кўплаб муҳим товарлар ва материалларни экспорт қилишни тўхтатдик. Аммо сўнгги ойларда биз учинчи мамлакатлар Европа Иттифоқи томонидан тақиқланган товарлар, шу жумладан, юқори технологияли маҳсулотлар импортини мисли кўрилмаган даражада оширганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, Европа Иттифоқининг Россияга автомобиль экспорти 2022 йилда 78 фоизга камайди, Европа Иттифоқидан Қозоғистонга экспорт эса 268 фоизга ошди», – деб ёзади Ж.Боррель.
Бундан ташқари, Ҳиндистон ва Хитойдан Россия нефти импорти ҳам кескин ошган. Дейлик, Ҳиндистоннинг Россиядан нефть импорти 2022 йил январида ойига 1,7 миллион баррелдан 2023 йил апрелида ойига 63,3 миллион баррелгача ошди. Бошқача айтганда, Украина босқинидан кейин Россиянинг Ҳиндистон умумий нефть импортидаги улуши 0,2 фоиздан 36,4 фоизга кўтарилди.
Бу ўринда дипломат икки муҳим жиҳатга эътибор қаратган.
Биринчидан, бу ўринда Ҳиндистон ҳукуматини айблаш у қадар тўғри эмас, чунки ҳинд ширкатлари Европа қонунларига бўйсунмайди.
Иккинчидан, Ҳиндистоннинг Россиядан нефтни арзон нархда сотиб олиши нормал ҳолат. Чунки Россия маҳсулотни арзон нархда сотиш билан зарар кўради ва урушни молиялаштириш имконидан маҳрум бўлади.
Ж.Боррелга кўра, санкциялар чиндан ҳам бузилган вазиятларда ахлоқий дилемма юзага келмоқда. Чунки айрим ширкатлар Россия билан қонуний тартибда олди-берди қилгани ҳолда, ахлоқ чегараларини бузаётган бўлиши мумкин.
Ж.Боррель Ҳиндистон каби мамлакатлар кейси орқали ЕИ компанияларининг ўзлари санкцияларни четлаб ўтмаслиги муҳимлигини урғулаган.
«Биз биринчи навбатда Европа Иттифоқидаги иқтисодий субъектлар нима қилаётганига қарашимиз керак. Агар Ҳиндистон нефтни қайта ишловчилари маҳсулот сотаётган бўлса, бунга сабаб Европа компанияларининг тўғридан-тўғри ёки воситачи орқали харид қилаётганидир. Биз ҳақиқий ҳаёт қанчалик мураккаблигини яхши билишимиз ва шу асосда ечим излашга ҳаракат қилишимиз керак», – деб хулоса қилади у.
Аввалроқ Ж.Боррель Россияга нисбатан жорий этилган молиявий жазо чоралари қанчалик ўзини оқламоқда деган саволга атрофлича жавоб берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter