Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эҳтимолий ядро уруши... Ўзбекистон манфаатларига жавоб бермайди!

Эҳтимолий ядро уруши... Ўзбекистон манфаатларига жавоб бермайди!

eadaily.com

Фото: «warspot.ru»

Жанубий Осиё минтақасида янги беқарорлик олови аланга олмоқда. Ҳиндистоннинг 5-6 август кунлари Жамму ва Кашмир штатининг шу вақтга қадар сақланиб келаётган конституциявий автономия мақомини бекор қилиши бунга асосий сабаб бўлмоқда.

Шундай қилиб мазкур ҳудуднинг сиёсий-маъмурий ҳуқуқларини кафолатловчи Конституциянинг 370-моддаси бекор қилинди.

Ҳиндларнинг ҳар икки қонунчилик палатаси шу вақтгача алоҳида мақомига эга бўлган ушбу баҳсли минтақада энди иккита – Жамму ва Кашмир, Ладакх иттифоқдош ҳудудини ташкил қилмоқчи.

Бу ерда Ҳиндистон ўз ҳарбийлари ва хавфсизлик кучлари сонини кескин ошираётгани қалтис хатодир, деб баҳолашмоқда экспертлар.

Покистон бу ҳаракатга кескин жавоб тариқасида Нью-Деҳлидан ўз элчисини чақириб олди, Ҳиндистоннинг Покистондаги элчиси эса мамлакатдан чиқариб юборилди, шошилинч равишда Хавфсизлик Кенгаши мажлиси ўтказилди.

Покистон Бош вазири Имрон Хон бу нозик, бироқ ўта хавотирли масалани халқаро инстанцияларда, жумладан Халқаро судда ҳал қилиш учун тақдим этишини билдирди. Покистоннинг позициясини Туркия, Хитой, Малайзия ва Индонезия давлатлари қўллаб-қувватлашини маълум қилмоқда.

Бош вазир Имрон Хон ҳинд томони халқаро ҳамжамиятни ўз хатти-ҳаракатлари оқибатларидан чалғитиш мақсадида тез орада Озод Кашмирга нисбатан кенг кўламни ҳужумлар бошлаши мумкинлигини айтиб ўтди.

Фото: «espreso.tv»

Озод Кашмир ҳудуди 1947 йилга қадар Кашмир князлиги таркибида бўлган, бироқ Ҳиндистон ўз мустақиллигини эълон қилгач, ўзини ўзи бошқарувчи мустақил ҳудуд сифатида тан олинган. Бироқ амалда уни Покистон идора этади. Кашмир князлигининг асосий қисми ҳисобланган Жамму ва Кашмир ҳам автономия эълон қилган, аммо амалда Ҳиндистон таркибида қолган эди. Бироқ асосий аҳолиси мусулмонлар бўлгани учун Кашмирнинг ҳинд назоратидаги қисмида доимий беқарорликлар сақланиб келмоқда. Бу ер дунёдаги энг ҳарбийлашган макон ҳисобланади. Ҳар 15 нафар кашмирликка бир ҳинд ҳарбийси тўғри келади.

Покистон қуруқлик қўшинлари штаби бошлиғи, генерал Камар Жавед Бажва Ҳиндистон қарорини танқид қилар, мамлакат армияси Жамму ва Кашмирдаги аҳолини фаол қўллаб-қувватлашини баён қилди. 

Покистоннинг АҚШда элчиси Асад Мажид Хон «The New York Times» газетасига берган интервьюсида Покистон ўзининг Афғонистон билан чегарасидаги ҳарбий қўшинларини шарққа томон кўчириши мумкинлигини билдирди.

Расмий Деҳли ҳам позицияси қатъийлигини яширмаяпти. 8 августда бош вазир Нарендра Моди миллатга қилган мурожаатида ушбу минтақа гуллаб-яшнаши ва тараққиёти учун улкан имкониятларга эга эканлигини, бироқ штатнинг мақоми туфайли юзага келаётган муаммолар сабабли бу имконият рўёбга чиқмаётганини айтиб ўтди. Жамму ва Кашмир ҳудуди бўйича ҳар қандай қарорни қабул қилиш эса Ҳиндистоннинг ички ишлари эканлигини таъкидлади.

Фото: «pravda.ru»

Бу масала бўйича Покистон билан ҳар қандай тушунмовчилик халқаро воситачиларсиз, фақат икки томон ўртасида ҳал қилишини лозим, дея билдирди.

Ҳиндистоннинг Сяма Прасад Мукержи номидаги жамғармаси директори Анирбан Гангулининг ёзишича, Покистоннинг бу борада айтаётган ва қилаётган ишлари улар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

«Автономия мақоми узоқ йиллар давомида Жамму ва Кашмир, Ладакх буддийлик минтақасининг ривожланиши, бу ердаги аҳоли вакиллари учун тенг имкониятларни адолатли асосда тақсимлашга катта тўсиқ бўлиб келди.

Энди аҳоли учун янги тараққиёт даври бошланади. Тўғри, айирмачи кучлар, трансчегаравий террорчилик гуруҳлари тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринади, аммо аксарият аҳоли Деҳли қароридан розидир.

Покистон эса ҳозир муаммони дипломатик ва армия воситасида ҳал қилишга қодир эмас. У айни пайтда қийин аҳволда ва қуролли можарога тортилиш учун кучлари етарли даражада эмас. Бу борада ҳар қандай уруниш унинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига ва ички беқарорлигини янада кучайишига хизмат қилади», дейди жамғарма раҳбари вазиятни шарҳлаб.

Аммо Ҳиндистонда бу борадаги қарашлар ҳам иккига бўлинган. «The Guardian» нашрига асли келиб чиқиши ҳинд бўлган Аниш Капур интерью берар экан, жумладан шундай дейди: «Бош вазир Нарендра Моди сиёсатини очиқ танқид қиламан. Унинг бошқаруви мамлакатда бағрикенглик ва эркинликни бўғишга қаратилган. Ҳукмрон Бхарата Жаната партияси эса ҳиндларнинг «Толибони»дир».

Европа Иттифоқи, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вазиятга хавотирлик билдириб, томонларни қарама-қаршиликни чуқурлаштирмасликка чақирмоқда.

Буюк Британиядан мустақилликни қўлга киритгач, Ҳиндистон ва Покистон давлатлари ўртасидаги асосий зиддият маркази айнан ушбу ҳудудлар бўлиб қолмоқда.

Кашмир учун биринчи уруш 1947 йил октябрда ҳудуддаги ҳинду етакчиси Махаража Гари Сингх томонидан Жамму ва Кашмирнинг ҳинд қуролли кучлари ихтиёрига расмий топшириши билан бошланиб кетган эди. Ўшанда БМТнинг фаол аралашуви билан Кашмирга ўзини ўзи бошқариш бўйича референдум ўтказилиши билан можарога якун ясалган эди.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида 1964 йилда иккинчи қуролли низо келиб чиқди. Яна БМТнинг аралашуви билан 1972 йил июлда ўт очиш тўхтатилган.

1998 йилда Ҳиндистон 5 та ядро каллагини синовдан ўтказди. Бунга жавоб тариқасида Покистон олтида каллакни портлатди. Бу билан Кашмирнинг тоғли чегара ҳудудида янги можаро юзага келиб, вазият 2005 йилда давлатлараро келишув имзоланмагунига қадар мураккаблигича қолди.

Жамму ва Кашмирдаги маҳаллий Жоиш Муҳаммад жангари гуруҳи бир неча йилдан буён ҳинд ҳарбийлари ва полициясига қарши қуролли кураш олиб боради. Оқибатда биргина 2018 йилда 400 киши қурбон бўлди. 2019 йил февралда эса террорчилар ҳинд ҳарбийлари карвонига ҳужум уюштириши оқибатида ўнлаб аскарлар қурбон бўлди.

Шундан кейин Деҳли ҳарбий ҳаво кучлари орқали Покистон назоратидаги Озод Кашмирга ҳаво зарбалари бера бошлади. Аммо ҳар икки томондан ҳам талофатлар кўпайгач, яна «ноаниқ сукут» даври бошланди. Ҳозир эса ўт очиш яна қайта бошланиб кетди.  

Аслида мақомнинг бекор қилиниши Ҳиндистоннинг бошқа минтақаларидан ушбу штатга кўчиб келишнинг қонуний имкониятини яратар эмиш. Бу эса узоқ муддатли стратегияда ҳиндлар фойдасига демографик мувозанатни ўзгартириши кўзлайди.

Беқарорлик туфайли маҳаллий аҳоли ҳам ўз уйларини тарк этмасликка қарор қилишган. Озиқ-овқат нархлари бирдан ошиб кетди. Хавфсизлик важидан хорижий сайёҳлар ҳудудни тез тарк этмоқда. Маҳаллий сиёсий етакчилар ва мустақиллик тарафдорлари бўлган 4 мингдан ортиқ киши қўлга олинган, хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Фото: «eadaily.com»

Ҳиндистоннинг амалдаги раҳбарияти миллатчилик кайфиятидаги сиёсатни олиб бораётгани халқаро ҳамжамиятга норозилик уйғотмоқда. Жамму ва Кашмир штатини Ҳиндистонга тўлиқ сиёсий интеграция қилишга нима бўлмасин уруниш келгусида мамлакатни жиддий муаммоларга дучор қилиши мумкин.

Чунки яхши биламизки, Ҳиндистонда конституцияга кўра барча штатлар ҳам қарорлар қабул қилишда анчайин мустақил бўлиб, улар марказий маъмуриятнинг бир томонлама сиёсий тузилма яратишга урунишини ҳар ҳолда хурсанд бўлиб қабул қилаётгани йўқ.

Масалан, 30 миллион аҳолига эга, Кашмирга қўшни Панжоб штатида 2020 йилда референдум ўтказиш режалаштирилган. Сикхларнинг Халистон деб номланган ўз мустақил давлатини яратиш ғояси бу штат аҳолиси орасида тобора оммалашиб, асосий ғояга айланмоқда. Шу сабабли сикхлар ҳинд ҳарбий хизматчиларини Кашмирга нисбатан куч ишлатишдан воз кечишга чақирмоқда.

Парламентдаги мухолиф партиялар эса бу жиддий баҳслар ва қарама-қаршиликлардан яқинлашиб келаётган сайлов жараёнларида ўз сиёсий мақсади йўлида фойдаланиши мумкин.

Шундай қилиб, агар уруш қонли тус ола бошласа, бош вазир Наредра Модининг обрўйига жиддий путур етиши муқаррар. Шу билан бирга бу низо жаҳоннинг ядро қуролига эга, шу билан бирга Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси бўлган икки қудратли давлат ўртасида глобал фожиага сабаб ҳам бўлиши мумкин. Бу эса Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам манфаатлари ва хавфсизлигига сира жавоб бермайди...

Л.Ҳасан ўғли

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг