Эгизаклар туғилиши кўпайди
Олимлар дунё миқёсида эгизаклар туғилиши рекорд даражада кўпайганини маълум қилишди. «Ридус» ёзишича, 1980-йиллардан бери ҳозиргача ҳар 1000 нафар чақалоққа тўғри келадиган эгизаклар сони 9 нафардан 12 нафарга ошган.
«Ҳозир сайёрамизда туғилаётган ҳар 42-чақалоқ эгизак(лардан бири). Ҳар йили эса ўртача 1,6 миллионта туғуруқ ҳолатида эгизаклар (икки ва ундан ортиқ) дунёга келмоқда», — таъкидлади ушбу тадқиқотни ўтказган Оксфорд университетининг профессори Кристиан Монден.
Тадқиқот давомида сайёрамизнинг 99 фоиз аҳолиси яшовчи 165 мамлакатдан 2010—2015 йилларда эгизаклар туғилиши бўйича маълумотлар тўпланиб, ўрганилган. Қолаверса, эгизаклар туғилиши бўйича 112 мамлакатга оид 1980—1985 йиллардаги маълумотлар таҳлил қилинган.
Эгизаклар қаерда кўп?
Аниқланишича, эгизаклар туғилиш кўрсаткичлари ҳаммадан кўп Шимолий Америка (80-йилларга нисбатан ўсиш — 71 фоиз), Европа (60 фоиз) ва Осиё (32 фоиз)да ўсган.
Тадқиқотчилар айни ҳолатни, биринчи навбатда, бепуштликка қарши курашишда қўлланадиган гормонал терапия, сунъий уруғлантириш каби янгича даволаш усуллари ривожланиб кетгани билан изоҳлашмоқда.
Тадқиқотчилар эгизаклар туғилишига яна бир сабаб сифатида аёлларнинг фарзанд кўриш қарорига кеч келаётганини ҳам кўрсатишган: аёл организмида ёш ўтиши билан юз берган гормонал ўзгаришлар икки ва уч нафардан эгизаклар туғилиши эҳтимолини оширади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter