Дунёга таҳдид солувчи уч давлат номи маълум қилинди
2023 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, Россия, Хитой ва АҚШ «дунёга таҳдид солувчи давлатлар» сифатида қайд этилди.
АҚШнинг U.S. News & World нашри 2023 йилнинг мартидан июнигача ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди. Респондентларга дунёнинг 87 та давлатини турли характеристикалар, жумладан, инсон ҳуқуқлари, армиянинг кучи, халқаро иттифоқларнинг мавжудлиги ва бошқаларга кўра баҳолаш сўралган. Бошқа саволлар қаторида, респондентлардан қайси давлат «дунёга энг катта таҳдид» эканлигига жавоб бериш сўралган.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг қарийб 70 фоизи Россия ҳозир дунё учун хавф туғдираётганини тан олган. Иккинчи ўрин Хитойга тегишли бўлиб, респондентларнинг 66 фоизи уни таҳдид сифатида белгилаган. Учинчи ўринда АҚШ турибди, респондентларнинг қарийб ярми ушбу мамлакатни таҳдид сифатида танлаган.
Россия асосан Дания, Финляндия, Япония ва Полша каби мамлакатларда таҳдид деб ҳисобланган бўлса, Хитой – Япония, АҚШ, Ҳиндистон ва Жанубий Кореяда жаҳон хавфсизлиги учун хавфли давлат сифатида қаралади. АҚШни дунё учун асосий таҳдид деб атаган респондентларнинг аксарияти Хитой, Туркия, Саудия Арабистони, Индонезия ва Янги Зеландияда яшайди.
Бундан ташқари, сўров иштирокчиларининг 72,5 фоизи инсоният «Учинчи жаҳон урушига яқинлашмоқда» деган фикрга қўшилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter